Пойтахтимизда бўлиб ўтган “МТО газ-кимё мажмуаси: Янги Ўзбекистон технологиялари” бизнес-форумида бир қатор давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти, Қоракўл туманида жойлашган МТО технологияси (“метанолдан олефингача”) асосида газ-кимё мажмуаси қурилиши ва фойдаланишга топширилиши ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Форумда мажмуанинг бош дизайнери Wood (Италия) вакили ҳам сўзга чиқди.
Умумий қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган мазкур лойиҳа 2023 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши ва Ўзбекистон саноатини мамлакат учун стратегик муҳим хом ашё ҳисобланган олефинли углеводородлар билан таъминлаши кутилмоқда. Газ-кимё мажмуаси МДҲ ҳудудида ўхшаши бўлмаган метанолни олефинга айлантириш бўйича лицензияланган технологик жараён асосида маҳаллий хом ашёни қайта ишлашга мўлжалланган. Қурилиш тугаллангандан сўнг мажмуа Ўзбекистонда импорт ўрнини босишни сезиларли даражада тезлаштиради, иқтисодиётни диверсификация қилишни таъминлайди. Шунингдек, республикада турдош тармоқларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида Қоракўл туманида бир қатор солиқ, молиявий ва саноат имтиёзлари билан маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларни жалб этган ҳолда Эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) ташкил этилди. ЭИЗ ҳудудида инглиз ҳуқуқий режими ўрнатилади, шунингдек, чет эл валютасида бизнес юритишга рухсат берилади. Барча корхоналарни табиий ресурслар, жумладан, қисман қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш кафолатланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги завод, шунингдек, ЭИЗдаги турдош тармоқлар 2 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратиб, келгуси 20 йилда 2 миллиард доллардан ортиқ қўшимча солиқ тушумларини олиб келади.
— МТО ташаббуси маҳаллий ресурслардан фойдаланиш орқали мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий эҳтиёжлари қондириладиган “ўз мақсадига жавоб берадиган” лойиҳанинг ажойиб намунасидир, — деди Wood (Италия) компаниясининг техник директори Андреа Феррера. —Wood компанияси ташкил этилганидан бери ушбу ташаббуснинг бир қисми бўлганидан фахрланишини таъкидлаб, у мамлакатни ривожлантиришга ёрдам беради ва мижозларни самарали ва экологик тоза муҳандислик ечимлари орқали замонавий экологик тоза технологиялардан фойдаланган ҳолда лойиҳани амалга оширишда қўллаб-қувватлайди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги ахборот хизмати.