Бухоро давлат университети ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институти “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Энергиясавдо” филиали Бухоро бўлинмаси фаолиятидан норози бўлиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.
Ўрганишлар давомида хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан мазкур таълим муассасаларига оширилган тарифлар асосида асоссиз тўловлар ҳисоблангани, натижада 1,8 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча қарздорлик юзага келгани аниқланган.
Шу асосда, ҳудудий бошқарма ҳузуридаги Махсус комиссия “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Энергиясавдо” филиалига нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши бўйича иш қўзғатган.
Комиссия иш якуни бўйича икки ташкилотга асоссиз ҳисобланган 1,8 млрд сўмдан ортиқ маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш, аниқланган қонунбузилишни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақида мажбурий кўрсатма берди.