Бухоро вилояти ИИБ Ғиждувон туманидаги чўлда эркаклар бир аёлга куч ишлатиб, уни жинсий алоқа қилишга мажбурлагани тасвирланган видео юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳолат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилган.

Аниқланишича, 30 март куни соат тахминан 13:00 ларда Ғиждувон тумани «Сармижон» маҳалласида яшовчи 29 ёшли Д.Б. таниши, шу маҳаллада яшовчи 32 ёшли С.Г. исмли аёлни туманнинг «Қорахони» маҳалласи «Жилвон» чўл ҳудудига олиб бориб, унинг эркига зид равишда жинсий алоқада бўлган. Ҳолат эркак билан бирга борган шериги томонидан видеотасвирга олинган.

Ушбу видео тасвир орқали уни ўзига қарам қилиб, ёнида бўлган бошқа 3 нафар танишлари билан ҳам жинсий алоқада бўлишга мажбур қилган.                

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 121-моддаси (сҳахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш)2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, иш юзасидан гумон қилинувчи 3 нафар шахслар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) тартибида ушланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

«Юқоридаги каби ҳолатларни ОАВ ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилиш дастлабки терговнинг ҳаққоний, одилона ва тўлиқ олиб борилишига халақит бериши, ўзингиз билмаган ҳолда сир тутилиши мумкин бўлган тергов ҳаракатларини ошкор қилишингиз эса далилларнинг йўқотиб юборилишига сабаб бўлиши мумкин», — дея огоҳлантиради ИИБ.