Бухоро вилоятининг Жондор туманида, ватанпарварлик боғи барпо этилиб, унга халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий номи берилди.
Ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги тадбирлари доирасида ушбу кўркам ва гўзал масканнинг очилиши ўзига хос байрамона кайфиятда катта тантаналар билан ўтказилди.
Уч миллиард сўмлик қурилиш- таъмирлаш ишлари бажарилган бу гўшада ҳарбий-техника воситалари — танк, зирҳли транспортёрлар, вертолёт, самолёт, турли калибрли артиллерия қуроллари ўрин олган. Кўргазмали воситалар ўрнатилган. Боғ тўрида эса Маҳмуд Торобий ҳайкали қад ростлаб турибди.
Тарих саҳифаларидан барчамизга маълумки, 1238 йилда шу яқин-атрофдаги қишлоқлар аҳолиси Маҳмуд Торобий бошчилигида мўғул босқинчиларига қарши курашганлар. Бироқ, кучлар тенг бўлмаган жангда озодлик курашчилари мағлуб бўлишган.Ушбу ҳайкални шогирдларимиз билан биргаликда она диёримизнинг ҳақиқий қаҳрамони қиёфасида тасвирлашга ҳаракат қилдик, – дейди ҳайкал муаллифи Қурбон Норхўрозов.
Дарҳақиқат, Жондор туманда бундай муҳташам боғнинг барпо этилиши ва Маҳмуд Торобий номининг абадийлаштирилиши, эзгу мақсадларга хизмат қилувчи хайрли бир қадам бўлди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА