Тадбирда Бристон университети профессори Б.Боймерс, Британиянинг етакчи кинорежиссёрлари, ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари, ватандошлар иштирок этди.

Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, маданият, фан ва таълим йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги маълумот тақдим қилинди. Ўзбекистон Президенти томонидан 2022 йил мамлакатимизда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилингани, ушбу йилда амалга оширилаётган давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди.

Бристон университети профессори Б.Боймерс ўз тақдимотида Ўзбекистон кино санъати тарихи, унинг саноат тузилмалари ва кино ишлаб чиқариш механизмлари ҳамда Марказий Осиё давлатларида ушбу соҳанинг ривожланиши ҳақида тўхталиб ўтди. Унда Ёлқин Тўйчиев, Рашид Маликов ва Зулфиқор Мусоқов каби ўзбек кинорежиссёрлари томонидан суратга олинган бадиий фильмларнинг мазмун-моҳияти, ютуқ ва камчиликлари  батафсил таҳлил қилинди.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистонда санъат соҳасига берилаётган катта эътибор, шу жумладан жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтган ХIV Тошкент халқаро кинофестивали юқори баҳолади. Ушбу йўналишдаги халқаро тадбирлар маданий алоқаларнинг янада чуқурлашишига ёрдам беришини алоҳида қайд этилди.