Буюк ипак йўли манзилларининг асосий қисми айнан бизнинг заминдан ўтгани ҳам юртимизда халқаро савдо-сотиқ ва маданий алоқалар ривож топишига хизмат қилган. Эрамиздан аввалги минг йилликлардаёқ иқтисодий алоқалар, шу жумладан, савдо-сотиқ ривожланиб бошлаши натижасида бож олиш, хавфсизликни таъминлаш анъаналари шаклланиб, аста-секин давлатнинг муҳим муассасаларидан бири сифатида божхона хизмати пайдо бўлган.

Бугунги кунда ўзбек тилида “бож”, “божхона”, “бож ундириш”, “бож-хирож” каби атама ва иборалар кенг қўллаб келинади. Аслида келиб чиқиши қадимги сўғд тилидаги “баж” бўлган ушбу сўз милодий VIII аср бошларига тааллуқли Муғ тоғи сўғдий ҳужжатларида учрайди.

Божхонада қадимдан олиб ўтилаётган буюмларга махсус муҳр – тамға босилгани учун ҳам бож хизматида бўлган давлат ходимлари, яъни божгирлар “тамғачи” деб аталган.

Сўғд тилидаги божгир – “бож олувчи” деган маънони билдириб, хориждан келаётган карвон ва савдогарлардан давлат ихтиёрига солиқ олувчи хизматчига нисбатан қўлланган. Қадимги туркий тамғачи – сўзи эса четдан кириб келаётган мол-ашёлардан солиқ, яъни бож олинганини ифодаловчи махсус белги, яъни тамға босувчини билдирган.

Маълумки, XIV аср иккинчи ярмидан, аниқроғи, 1360 йилларда сиёсий майдонга чиққан Амир Темур мамлакатни мўғуллар истилосидан озод қилиб, буюк салтанатга асос солди. 1370 йилда тахтга чиқиб, мустақил давлатчиликни тиклаган Амир Темур мамлакатни обод қилиб, унинг ҳар томонлама ривожланиши учун жуда катта ва муҳим тадбирларни амалга оширди.

Бу даврда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан жанубий ва ғарбий йўналишларда Ҳиндистон, Эрон, сўнгра ундан ғарбдаги мамлакатларга йўл олган элчилик ва савдо карвонлари учун Амударё бўйида Термиз ва Ҳисор тизмасида Темир дарвоза асосий божхона бўлган. Руи Гонсалес де Клавихо ўз кундалигида таърифлаган божхона – Темир дарвоза орқали нафақат Термиз йўналиши, балки Амударёнинг юқори кечувларидан (масалан Солисарой) ўтиб, Самарқанд томон йўл олган карвонлар учун ҳам мўлжалланган.

Асрлар давомида ҳукм суриб келган савдо алоқалари  Қўқон ва Хива хонликлари ва Бухоро амирлиги даврида ҳам давом этган. Хусусан, Бухоро амирлиги минтақадаги ички ва ташқи савдо муносабатларида жуда муҳим аҳамиятга эга эди. Хонликда, айниқса, Қарши беклиги ҳудудида савдогарлардан олинадиган бож солиғи давлат хазинасига катта даромад келтирган. Хива хонлиги ҳудудида ҳам божхоналар кўп бўлган. Шаҳар аҳолисининг айрим вакиллари савдо карвонларидан бож ундириш фаолияти билан шуғулланган.      

XIX асрда ўзбек хонликлари ҳудудига кириб чиққан барча каттаю-кичик рус карвонларининг ҳисоби аниқ бўлган. Россиядан карвон келаётганидан хабар топган хиваликлар улар истиқболига закотчини (божхоначини) жўнатган. Бош закотчи ўз ходимидан карвон Ойбўғир кўлидан ўтиб, уч йўналишдан қайси бири орқали келаётгани ҳақида ахборот олгандан сўнг Тошҳовуз, Қўнғирот ёки Урганчга борган.

Қўқон хонлиги минтақадаги савдо алоқаларида ўзига хос ўрин тутган. Божхона хизматчилари чет мамлакатдан кириб келаётган карвонни чегарада тўхтатиб, юкларини рўйхатдан ўтказган. Давлат амалдори –  закотчи карвондаги савдогарнинг шахси, мамлакати, туялар (ёки от-аравалар) сони, юк миқдори, тури ва бошқаларни рўйхатга олиб, йўлдаги дастлабки шаҳар ҳокими номига хабарнома юборган.

Чегара божхонасидан ўтган карвон ўз йўлида дуч келган дастлабки шаҳар дарвозаси олдида тўхтаган ва шаҳар закотчисига хабар юборган. Закотчи ёрдамчилари билан келиб, карвонни текширув майдонига олиб келган ва божхона юборган рўйхатда кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текширган.

XIX асрнинг иккинчи ярмида Россия империяси Ўрта Осиё билан савдо алоқаларини олиб боришда ўзининг иқтисодий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда протекционизм сиёсатини олиб борди. Яъни, ички бозорга ташқаридан келадиган, ўз эҳтиёжи учун зарур хорижий маҳсулотларни бождан озод қилиб, ўзининг саноат маҳсулотларига рақобат қиладиган товарлар киритилишини чеклаш йўлидан борди.

1882 йилда минтақада бож назоратини олиб бориш учун Амударё бўлимида 3 та, Зарафшон округида 5 та ва Сирдарё вилоятида 19 та божхона пункти ташкил этилади. Бухоро ва Хива хонликлари Чор Россияси ягона божхона ҳудудига киритилгач, уларнинг чегараларида рус божхона постлари ташкил этилди. Бу божхона постларида хонликларга четдан олиб келинадиган товарлар рус божхона постлари кўрувидан ўтказиладиган бўлди.

1918 йил 29 майда собиқ Совет ҳокимиятининг “Божхона тўловлари ва муассасалари” ҳақида фармойиши чиқади. Унга кўра, бож тўловлари давлат хазинасига келиб тушган. Божхона муассасалари марказий ҳокимият органлари ҳисобланиб, бевосита Молия комиссарлигининг бож тўловлари департаменти томонидан бошқарилган.

Истиқлолдан бошланган ислоҳотлар саҳифаси

Мустақилликнинг дастлабки йилларида минтақадаги мураккаб вазиятдан келиб чиқилса, Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида давлат божхона хизмати органларининг тўла янгидан вужудга келиши аслида тарихий зарурат эди.

Шу сабабли дастлаб ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш, республика ташқарисига товар-моддий бойликларни ғайриқонуний ва асоссиз равишда олиб кетишга йўл қўймаслик мақсадида Товар-моддий бойликларни олиб кетишни назорат қилувчи давлат инспекцияси ташкил қилинди.

1991 йил 25 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Божхона комитетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони билан мустақил Ўзбекистон Республикасининг илк давлат божхона тузилмаси – Божхона қўмитаси ташкил қилинди.

1994 йил 18 январда Давлат божхона қўмитаси Бош божхона бошқармасига айлантирилиб, Давлат солиқ қўмитаси таркибига киритилди. Ягона божхона сиёсатини юритиш, божхона органлари тезкорлиги ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш, мамлакат иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлашда божхоначиларнинг ролини кучайтириш, шунингдек, божхона иши соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида 1997 йил 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қайта ташкил қилинди ва унга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мақоми берилди.

2018 йилга келиб Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26 январь – мамлакатимизда давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди. Алоҳида сананинг касб байрами сифатида белгиланиши божхона органлари ходимларида касбига нисбатан фахр-ифтихор, бурчига садоқат туйғуларини  мустаҳкамлаш учун зўр мотивация берди.

Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни шунчаки сана эмас, балки давлат ва жамият ижтимоий-иқтисодий ривожида божхона органлари иштирокини жамоатчиликка яқиндан таништиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон божхона хизмати тубдан ислоҳ қилинди. Тизимга замонавий ахборот технологиялари жорий этилди, божхона хизмати ходимларининг маънавий ва касбий қиёфаси ҳам тубдан ўзгарди. Мана шу жараёнда, бугунги божхона хизмати тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга турли имтиёзларни татбиқ этувчи тузилмага айлангани ҳам бор гап.

Ўзбекистон божхона тузилмасининг бугунги ёрқин қиёфаси, аввало, кадрлар сиёсати билан боғлиқ. Гап шу ҳақда кетганида эса, Олий ҳарбий божхона институти фаолиятини ҳам эсга олиш жоиз бўлади.

Дастлабки йилларда институтда “Божхона иши” ва “Божхона ҳуқуқи” йўналишлари бўйича мутахассис кадрлар тайёрлаш, божхона органларида хизмат қилаётган ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган. Ҳозирда институтда “Божхона иши” ва “Қайта тайёрлаш ва малака ошириш” факультетлари, уларнинг таркибида ўндан зиёд кафедра ҳамда мустақил бўлим ва бўлинмалар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда курсантларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил эгаллаш, уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган янгича ўқитиш тизимини шакллантириш мақсадида икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” мутахассисликлари бўйича таълим муддати тўрт йил бўлган бакалаврлар, “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрланмоқда.

Шунингдек, божхона органлари раҳбар кадрларини тайёрлаш учун ўқиш муддати 3 ойдан иборат бўлган “Божхона менежменти” олий курслари ҳамда “Ўзбекистон божхона ахборотномаси” илмий журнали таъсис этилди.

Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябрдаги  “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва Давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида” фармони билан Божхона институтида олий таълимдан кейинги таълим — докторантура ташкил этилди. 

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, янги Ўзбекистоннинг янги божхона тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар том маънода ижобий самара бермоқда. Хусусан, хорижий мамлакатларнинг божхона хизматлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш борасида манафатдор келушувларга эришилмоқда. Бу эса, божхона хизмати органлари фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ янги босқичга ўтиши ҳамда жамият ҳаётининг муҳим соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш бўйича танланган йўлда содиқ эканидан далолат беради.

Сирожиддин ШИРМАТОВ,

божхона хизмати майори,

педагогика фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD).