Жорий йил 5 июлга қадар давом этадиган бу муҳим жараёнга ҳеч бир юртдошимиз бефарқ эмас. Шу боис, турли давлат ва нодавлат ташкилотларда, меҳнат жамоаларида қонун лойиҳаси юзасидан тадбирлар, кенг муҳокамалар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ҳам биринчилардан бўлиб қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига киришди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбир кенг жамоатчилик эшитуви шаклида мулоҳаза, мунозара, қизғин фикр ва таклифларга йўғрилган ҳолда ўтказилди.

Видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган жамоатчилик эшитувида Конституциявий комиссия раиси А.Саидов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор Қ.Рафиқов, федерация тасарруфидаги ташкилотлар, ҳудудий, тармоқ ва бошланғич касаба уюшмалари мутасаддилари, касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди.

— Конституция давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугунги ­қиёфаси, ҳаёт тарзи, балки келажагини, эзгу мақсадларимизнинг ҳуқуқий замин ва пойдеворини белгилаб берувчи ҳужжатдир, — деди Қ.Рафиқов. — Унда белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш, юртимизда тинч, эркин ва обод ҳаёт барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида муттасил иш олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамиятда, ҳар қайси оила ва фуқаро ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчаси Конституциямизда белгилаб қўйилган талаб ва қоидаларнинг ҳаё­тимиздаги амалий ифодаси, десак янглишмаймиз.

Жорий йил 20 июнь куни Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашиб, бир қатор аниқ таклифларни билдирди. Давлатимиз раҳбарининг таклифи 4 та асосий йўналишни, яъни “Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари”, “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини мустаҳкамлаш, “Эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш”, “Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш” масалаларини қамраб олди.

Президентимиз “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда “Инсон — жамият — давлат” деган методологик ёндашувни Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдириш лозимлигини асослаб берди. Шу билан бирга, конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш, уни референдум йўли билан қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Пировардида, ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси — менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз Конс­титуцияси мустақиллик йилларида эришилган ютуқларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Бунинг натижасида ҳаётимиз ҳам, халқимизнинг дунёқараши ҳам тубдан ўзгармоқда. Айниқса, сўнгги 5 йилда Президентимиз ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини ошириш мақсадларида амалга оширилган ўзгаришлар, барча соҳаларни қамраб олган ислоҳотлар жамиятимизда кўп­лаб янгиланишларга замин яратди.

Шу боис, сўнгги йилларда фуқаролар томонидан Конституциямизни такомиллаштириш бўйича кўплаб фикрлар билдириб келинаётган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг май ойида Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан Конституциявий комиссия тузилди. Ўтган бир ой давомида мазкур комиссияга халқимиздан 60 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани, уларнинг қарийб 70 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардан экани алоҳида эътиборга моликдир. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда фаол фуқаролик жамияти, халқимизда дахлдорлик ҳисси шаклланганидан далолат беради.

Тадбирда конституциявий қонун лойиҳаси Бош қонунимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш киритишни назарда тутиши, шунинг­дек, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилаётгани қайд этилди. Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашдек эзгу мақсадларга қаратилгани эътироф этилди.

Шунингдек, меҳнат жамоаларида конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўтказилаётган умумхалқ муҳокамаларида касаба уюшма фаол­лари томонидан билдирилаётган таклифларни умумлаштириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясида конституциявий қонун лойиҳаси бўйи­ча таклифларни умумлаштирувчи республика штаби тузилгани, федерациянинг ҳудудий кенгашларида эса мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этилгани маълум қилинди. Уларнинг асосий вазифаси барча ҳудудлардаги меҳнат жамоаларида конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама этиш жараёнларида билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда Конституция­вий комиссияга тақдим этишдир.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси

Матбуот хизмати раҳбари