Ватан мустақиллиги ва озодлиги йўлида кўрсатилган қаҳрамонлик асло унутилмайди, ҳамиша халқ қалбида яшайди. Жалолиддин Мангуберди элюрт истиқлоли учун курашган, бунга ўз ҳаётини бағишлаган аждодларимизнинг буюк намояндасидир.
Султон Жалолиддин ўн бир йил давомида мўғул босқинчиларига қарши уч юздан ортиқ жангда иштирок этди. Синд дарёси бўйида Чингизхоннинг ўз қўшинидан тўрт марта кўп бўлган лашкарига мардона қарши чиқди. Исфаҳон яқинидаги жангда борйўғи 14 аскари билан мингдан зиёд мўғул жангчисининг қуршовини ёриб ўтди. Ҳатто Чингизхондек саркарда ҳам унинг матонатига тан бериб, “Жалолиддиндек қаҳрамон фарзанди бор ота нақадар бахтлидир”, дейишга мажбур бўлган.
Султон Жалолиддин жанговар фаолияти билан нафақат ўз юртини, балки дунёдаги ўнлаб мамлакатларни ҳам мўғул истилосидан ҳимоя қилганини жаҳон аҳли эътироф этади. Бутун умри жангу жадалларда ўтганига қарамай, у оғир ва мураккаб даврда ҳам илммаърифат ҳомийси сифатида масжид ва мадрасалар, карвонсаройлар, қалъалар, йўл ва кўприклар қурдирган.
Султон Жалолиддиннинг ҳаёт йўли, шахсияти ва жасорати бир ҳақиқатни уқтиради: Ватан озодлиги, Ватан манфаати йўлида бирлашиб, марди майдон бўлиб курашга бел боғлаган халқни ҳеч қандай куч ҳеч қачон енга олмайди. Мўғуллар истилосига қарши курашган улуғ авлиё Нажмиддин Кубро, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди сингари шонли аждодларимизнинг жасорати барчамиз учун намуна мактабидир.
Жалолиддин Мангуберди мўғул босқинчилари зулмидан ярим жаҳонни сақлаб қолган халоскордир. У узоқ йиллар давомида босқинчиларнинг бутун кучқудратини ўзига қаратди. Охироқибат Чингизхон Искандардан ҳам ўзиб кетиш орзусидан воз кечиб, армон билан вафот этди. 1221 йилнинг аввалида Жалолиддиннинг хоразмлик жангчилар ва қўшни халқлар аскарларидан иборат қўшини мўғуллар устидан қозонган беқиёс ғалаба душманни беҳад саросимага солган.
Босқинчилар истилосига қарши жуда кўп саркарда ва давлат арбоблари курашган. Уларнинг номи ҳам ўз даврининг фидойилари сифатида мозий саҳифаларидан жой олган. Аммо кўҳна тарих бу борада, биринчи навбатда, Жалолиддин Мангубердини авайлаб асради. Ёш саркарда босқинчиларга қарши курашган ватанпарваргина эмас, балки турли халқлар устига ёпирилган бало-қазоларга кўксини тутиб, душманнинг додини бера олган лашкарбоши ва давлат раҳбари сифатида ҳам мангуликдан ўрин эгаллаган.
У душман устидан узилкесил ғалабага эришиб, давлатни қайта тиклаш орзуси ушалишига жуда яқин келди. Ҳукмдор ва саркарданинг шахсий котиби Шаҳобиддин Муҳаммад Насавий шундай ёзади: “Жалолиддин қорачадан келган, ўрта бўйли, турк лафзли одам эди. Форс тилини ҳам яхши биларди. Унинг ботирлигига келганда шуни айтиш керакки, султон арслонлар орасидаги энг кучли шер эди. Бир сўзли, кек сақламайдиган, очиқкўнгил, тўғри одам эди. У жиддий шахс эди. Жалолиддин ўта қатъиятли, ниҳоятда иродали, мураккаб вазиятларда, тақдирнинг қалтис синовларида ўзини йўқотиб қўймайдиган фавқулодда мард ва ботир саркарда эди...”
Жалолиддин Мангубердининг мўғул босқинчиларига қарши курашда кўрсатган мислсиз жасорати, она халқига садоқати ва чексиз муҳаббатини қадрлаш ҳамда унинг порлоқ хотирасини абадийлаштириш мақсадида 1998 йили Вазирлар Маҳкамасининг “Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унга кўра, Хоразмда саркардага ҳайкал ўрнатилди, йирик кўча, майдон, корхоналар ва бошқа муассасаларга унинг номи қўйилди. 2000 йилнинг 30 августида “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилди.
Буюк аждодимизнинг давомчиларини камол топтириш мақсадида Урганчда Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий академик лицей ташкил этилди. Бу мардлик мактаби ўқувчилари орасидан улуғ саркарданинг муносиб издошлари бўлган ҳақиқий ватанпарвар ўғлонлар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Яқинда Урганч шаҳрида “Жалолиддин Мангуберди мактаби” қурилишига рамзий тамал тоши қўйилди. 2023–2024 ўқув йилидан фаолият бошлайдиган ушбу таълим муассасаси 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда биринчи йили 150 нафар ҳамда кейинги йил яна шунча ўқувчи қабул қилинади. Ёшлар ўртасида ҳарбийликка, ватан ҳимоячиси деган шарафли ва обрўли касбни эгаллашга талаб ва таклифлар ортиб бораётгани инобатга олиниб, мазкур муассаса қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 30 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган.
Муассасада 4 қаватли ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, ошхона, маданият саройи, ҳарбий тайёргарлик машғулотлари учун жанговар тайёргарлик майдончалари, спорт мажмуаси ҳамда зарур бўлган бошқа ижтимоий ва ўқув объектлар қурилиши режалаштирилган.
Бу йил мустақиллик байрами арафасида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва таклифи асосида Урганч шаҳрида буюк саркарданинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилгани жасоратли аждодимизнинг Ватанимиз ва тарихимиз олдидаги хизматларининг юксак эътирофи бўлди. Султон Жалолиддиннинг қатъияти, мағрур сиймосида келажакка катта ишонч ва шиддат билан интилаётган халқимизнинг ватанпарварлиги, букилмас иродаси ўз ифодасини топган.
Жалолиддин Мангуберди мажмуасини барпо этиш билан бирга, Урганч шаҳри ва унинг марказий майдонида катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари ҳам амалга оширилди. Қарийб 8 гектарлик ушбу ҳудуд бутунлай янгича қиёфа касб этди.
Президентимиз ҳайкал очилиши маросимидаги нутқида, жумладан, шундай деди: “Биз кўплаб муҳташам иморатлар қуришимиз, маҳобатли ҳайкаллар барпо этишимиз мумкин. Аммо ушбу бунёдкорлик ишларимизнинг туб маъносини, тарбиявий аҳамиятини халқимиз, ёшларимиз қалбига сингдирмасак, бу обидаларнинг маънавий ибратини тушунтира олмасак, асосий мақсадимизга ета олмаймиз.
Биз бугун дунёда ва минтақамизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган нотинч бир замонда яшамоқдамиз. Кўплаб бузғунчи кучлар ўзларининг ғараз ниятлари билан ёш авлоднинг онгини эгаллашга уринмоқда. Бундай таҳликали вазиятда жондан азиз фарзандларимизни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Шу сабабли буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди сингари ватанпарвар, жасоратли аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш барчамизнинг бурчимизга айланиши лозим”.
Маънавият ва маърифат марказининг Хоразм вилояти бўлими раҳбари, Урганч давлат университети тадқиқотчиси Бекзод Абдиримов покистонлик олим, доктор Васим Сажжад билан ҳамкорликда “Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Покистонда” номли китобни нашрга тайёрлади. Ўзбек, инглиз ва урду тилларида чоп қилинган ушбу асарда буюк саркарданинг 1221–1224 йиллардаги сиёсий-ҳарбий фаолияти билан бир қаторда, Покистондаги бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Китобда аждодимизнинг зафарли юришлари, сўнмас жасорати ҳақида тарихчилар учун янгилик бўлган қимматли маълумотлар келтирилган. Шу йилнинг октябрь ойида мамлакатимизда “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган бўлиб, асар ушбу йирик анжуман олдидан муносиб туҳфа бўлади.
Ватанпарварлик Янги Ўзбекистон пойдеворини қуришда муҳим таянч, замонавий тараққиётга, тарихий заруратга мос келмайдиган бузғунчи ғоялар тазйиқидан ҳимоя қилувчи омил ҳисобланади. Миллатнинг озод тафаккури шаклланиши учун миллий онг ривожланиши керак. Миллий онг тарихий тафаккур орқали тараққий этади.
Тарихий тафаккур эса миллатнинг тарихий онги қай даражада юксалганлигига боғлиқ. Жалолиддин Мангуберди каби тарихий шахслар фаолиятини, жасоратини чуқур ўрганиш миллат хотираси тикланишида, шунингдек, ёшларда Ватан туйғусининг кучайишида ватанпарварликнинг ёрқин намунасидир.
Шунинг учун таълим тизимида тарихий шахсларнинг фаолиятини ўрганишни тизимли йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади. Жумладан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг маънавий-маърифий тадбирлари доирасида Жалолиддин Мангуберди фаолияти тизимли равишда талабаларга тарғиб қилиб келинмоқда.
Тарих факультетининг ўқув жараёнига саркарда бобомиз тарихига оид алоҳида махсус курслар киритилган, магистр ва докторантлар ануштегинлар сулоласи, хусусан, Султон Жалолиддин тарихига оид илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Қисқа умри давомида Ватанга чексиз муҳаббат ва садоқат, юксак ҳарбий салоҳиятни намоён этиб яшаган Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди.
Президентимиз таъкидлаганидек, у ҳамиша юртимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унга фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолади.