Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида “Mega Evrostroy”(Qorasaroy-taom)МЧЖ раҳбари А.Абдукадировнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган мулки ўрнига компенсация тўлови тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқлангандек, Олмазор тумани, Қорасарой ва Абдурахмонов кўчалари кесишган жойда жойлашган, умумий майдони 422 кв.метр бўлган ушбу қахвахона биноси Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган. Бироқ тадбиркорга етказилган зарар, бузилган бино-иншооти ўрнига белгиланган тартибда компенсация тўловлари амалга оширилмаган.
Ушбу нотурар бино “MIDLAND CONSULTING” МЧЖ баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланган ва тегишли ҳисобот тузилган. Ўтказилган баҳолаш ҳисоботи натижасига кўра, жамиятга тегишли ер ва бино-иншоотларнинг бозор қиймати 1.339.530.124 сўм этиб белгиланган.
Тадбиркор жамиятнинг эгалигида бўлган ер участкасини олиб қўйилганлиги ва иморат бузилганлиги учун тенг миқдорда компенсация тақдим қилишни сўраб 2019 йилнинг 22 январь ҳамда 20 август кунлари шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилган. Аммо мурожаатларда келтирилган даъво қаноатлантирилмаган. Шу боис вакил девони томонидан тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатлари амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартиб-қоидалар асосида ҳолда ҳимоя қилинди.
Жорий йил 11 ноябрь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига кўра, шаҳар ҳокимиятидан “Mega Evrostroy” (Qorasaroy-taom) МЧЖ фойдасига бузилган бино-иншооти учун 1.339.530.124 сўм компенсация тўлови ундирилди.
Дониёр Махмудов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори