Унда жорий йил 6 ноябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар кенг муҳокама этилди.
Янги Ўзбекистон стратегиясининг узвий ва давомийлигини таъминлаш мақсадида «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида қўйилгани иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва улар ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтириш, жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат ислоҳотларининг бош мақсадига айлангани айтиб ўтилди.
Коррупцияга барҳам бериш, тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш, сифатли таълимни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, мамлакатдаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ва миллий иқтисодиёт ўсиш суръатларини замон талаблари даражасига чиқариш устувор вазифалардан бири эканлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан 2030 йилгача Ўзбекистоннинг аҳоли жон бошига даромадлари даражаси бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашига эришиш кўзда тутилмоқда.
Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришишда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳити ва зарур инфратузилмани яратиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолиши таъкидланди.
Мажлис давомида еттита устувор вазифаларни амалиётга кенг татбиқ этиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.