Мажлисда дастлаб, Олий Мажлис юқори палатасининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар муҳокама қилинди. «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, қўмитанинг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳамда бошқа масалалар шулар жумласидандир.
«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонун муҳокамасида таъкидланганидек, ҳужжат суғурта фаолиятини тартибга солиш, соҳага илғор халқаро тажрибаларни жорий қилиш ҳамда тизимдаги истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Қолаверса, суғурта турларини кўпайтириш ва барқарорлигини таъминлаш билан мутаносиб равишда аҳолининг суғурта маданиятини ошириш ҳам назарда тутилган.
Қонунда суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари (суғурта ташкилотлари, суғурта брокерлари, аджастерлар, ассистанслар, актуарийлар, сюрвеерлар) ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда.
Шунингдек, суғурта шартномаларини электрон тарзда интернет орқали тузиш жараёни қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Мазкур ҳужжат эндиликда суғурта тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш тизимини яратиш бўйича концептуал жиҳатдан янги ёндашувларни шакллантириш ва истеъмолчиларнинг суғуртага бўлган ишончини оширишга қаратилган бўлиб, суғурта шартномаларини фақат давлат тилида тузилишини белгилайди.
Бундан ташқари, мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни кўриб чиқилди.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив - ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга бориш истагини билдирадиган олий таълим муассасалари битирувчилари сонини оширишга хизмат қилади.
Қолаверса, пандемия даврида иқтисодий қийинчиликларга дуч келган соҳалардан бири бўлган туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик имтиёзлар муддати узайтирилмоқда. Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида белгиланадиган давлат дастурларида иштирок этган фуқаролар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш тарзидаги имтиёзлар белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Қонунда электр двигатели орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситалари (электромобиллар)ни сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғим тўлашдан озод этилиш назарда тутилмоқда.
Шундан сўнг қўмитанинг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қўмита ўз фаолиятида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Қонун, Ҳаракатлар стратегияси, Президент фармон ва қарорлари, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномалари ҳамда низомида белгиланган вазифалар ижроси доирасида муайян ишларни амалга оширган.
Хусусан, қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, парламент назоратини амалга ошириш, давра суҳбати ва халқаро анжуманлар ташкил этиш йўналишларида ҳар ойда ўртача 4 тадан, жами 76 та тадбир ўтказилган.
Қонунчилик палатасидан келиб тушган 23 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, 22 тасини маъқуллаш ва 1 тасини рад этиш тўғрисидаги қўмита хулосалари Сенат Кенгашига киритилган.
Вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг 4 та ҳисоботи, 24 та ахбороти эшитилган.
Ҳукуматга муаммоларни бартараф этиш юзасидан қўмита таклифлари асосида парламент сўровлари юборилган.
Шунингдек, бюджет ва молия муносабатлари йўналишида ҳисобот даврида 10 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, 12 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Пул-кредит сиёсати йўналишда 4 та назорат-таҳлил тадбири ташкил этилиб, 2 марта Марказий банк бошқаруви раисининг ҳисоботи эшитилиб, 1 та қонуннинг ижроси бўйича мониторинг ўтказилган.
Қўмита томонидан иқтисодиёт тармоқларида ислоҳотларни амалга ошириш йўналишида 13 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.
«Рақобат тўғрисида»ги Қонун ижросининг ҳолати монополь ташкилотларда ўрганилиб, тегишли раҳбарларининг ахборотлари эшитилган.
Мажлисда кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.