Экспертларнинг фикрига кўра, дунё бўйича бюрократик қоидаларга риоя этишга сарфланадиган харажатлар жаҳон ЯИМнинг 17-20 фоизини ташкил этади. Бюрократия ҳар қандай жараённи, ҳатто энг жадал ислоҳотларни ҳам тўхтатиб қўя олувчи куч эканини ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатмоқда. Шу боис, тараққиётнинг илғор чўққиларини кўзлаб илдамлаб бораётган ҳар бир давлат, аввало, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган ана шундай муаммоларга чек қўйишга интилади.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда бу йўналишда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Замон талабидан келиб чиқиб қонунчилик асослари такомиллаштирилаётир. Жамиятимизда очиқлик, ошкоралик муҳитини кучайтириш, давлат хизматларини ривожлантириш, барча соҳаларга ахборот технологияларни кенг жорий этишга эътибор кучайди.
Президентимиз томонидан 2021 йил 23 мартда имзоланган “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу йўналишда яна бир муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масаласига Адлия вазирлиги ҳам ўз фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътибор қаратиб келмоқда. Бу йўналишда илғор хорижий тажрибалар ўрганилиб ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бюрократияга қарши курашишда қонун ижодкорлигининг алоҳида ўрни бор. Бу борада бирор бир ғоя лойиҳа шаклида алоқадор вазирлик ва идораларга киритилар экан, уни ҳимоя қилиш, мутахассисларни ишонтира олиш жуда муҳим. Энди тасаввур қилинг, лойиҳангизда ўша вазирлик ва идораларда мавжуд бўлган, лекин аслида кераксиз, идоравий манфаатга хизмат қиладиган, коррупциявий хатари бор ваколатлар ва тартиб-таомиллардан бекор қилишни таклиф этяпсиз. Улар буни қандай қабул қилади? Бундай вазиятда қарор қабул қилувчининг позицияси, иродаси ўта муҳим аҳамиятга эга.
Бюрократияга қарши курашиш, уларни қисқартириш нима учун зарур? Жавоби кундек равшан бўлса-да, аниқроқ тасаввур қилиш учун айрим маълумотларга тўхталсак. Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда йирик корхоналар раҳбарлари иш вақтининг 31 фоизи, кичик корхоналар раҳбарлари иш вақтининг 26 фоизи бюрократик масалаларни ҳал қилиш, давлат органлари ҳамда ҳокимликлар билан муносабатларга киришиш учун сарфланаётгани қайд этилган. Ваҳоланки, ушбу вақт самаралироқ тарзда, масалан, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга, иш самарадорлигини оширишга ва корхоналар тушумларини ошириш масалаларига сарфланиши мумкин эди.
Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармони бу муаммолар ечими йўлида яна бир дадил қадам бўлди. Унда маъмурий тартиб-таомилларда аҳоли, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига кўпроқ хизмат қиладиган муҳим қоидалар қамраб олинган. Фармон ўз мазмун- моҳиятига кўра бюрократияга қарши кураш борасидаги ишларнинг иккинчи босқичини бошлаб беради. Президентимизнинг 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларнинг биринчи босқичига асос бўлган эди. Ушбу қарорнинг ижроси таҳлил қилинганда, давлат билан фуқаролар ва бизнес ўртасидаги аҳамиятни йўқотган тартиб-таомилларни янада соддалаштириш эҳтиёжи мавжудлиги аён бўлди. Шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб қабул қилинган фармон билан ушбу ҳолатларга барҳам бериш, давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор принципал янгиликлар, қоидалар жорий этилмоқда.
Хусусан, 130 дан ортиқ маъмурий тартиб-таомиллар енгиллаштирилмоқда, давлат органлари томонидан 460 дан зиёд қонун ҳужжатларида кўрсатилган 18 турдаги ҳужжатлар ва маълумотларни фуқаролардан талаб қилиш бекор қилинмоқда. Эндиликда давлат органлари бу ҳужжатларни ваколатли давлат ташкилотидан (10 та ташкилот) “Электрон ҳукумат” платформаси орқали олиши зарур. Натижада йилига ўртача 1,5 миллиондан ортиқ фуқаро ортиқча оворагарчиликдан халос бўлади ва уларнинг 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежалади ҳамда ушбу маблағлар фуқароларнинг ўзида қолишига эришилиши прогноз қилинмоқда.
Масалан, биргина наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги бўйича маълумотнома олишда 276 мингдан ортиқ фуқаронинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалади. Фуқароларнинг руҳий касаллиги ҳақида маълумотнома олишда ҳам шундай қулайлик туғилмоқда. Эндиликда бу ҳужжат ҳам электрон йўл билан олиниши натижасида 300 мингга яқин фуқаро ортиқча оворагарчиликдан халос бўлади ва уларнинг 4,5 миллиард сўм маблағи тежалади.
Фуқаролардан давлат ташкилотлари талаб қилиши мумкин бўлмаган ҳужжатлар рўйхатида шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати, меҳнат дафтарчаси ва уларнинг нусхалари кабилар ҳам бор.
Биз бугунги кунда давлат хизматлари соҳасини туб ислоҳ қилишда “фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” деган принципни эълон қилиб, амалда ижросини таъминлашга ҳаракат қилаётган эдик. Эндиликда янги – “фуқаролар эмас, давлат органлари ҳаракатланади” принцип лойиҳаси устида ишлаб, фуқароларга имкон қадар виртуал давлат хизматлари кўрсатиш бўйича бош қотирмоқдамиз. Зеро, бу пандемиянинг давлат хизматларига қўйган чақириқларидан бири бўлди.
Шунингдек, 28 турдаги давлат хизматлари натижасини фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларининг хоҳишига кўра, почта алоқаси орқали олиши мумкин. Почта алоқаси хизматининг жорий этилиши аҳоли харажатларини камида 2 бараварга қисқартиришга, аҳолининг давлат органларига бир-неча маротаба овора бўлиб келиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан бошлаб хорижга чиқиш учун биометрик паспортини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиб олиш мумкин бўлади.
Фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлаётган яна бир муаммо жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш билан боғлиқ эди. Аниқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2020 йилда давлат хизматлари марказларига 338,7 минг нафар фуқаро жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш бўйича мурожаат қилган. Эндиликда бу тизим ҳам соддалаштирилмоқда. Яъни, жорий йил 1 июндан бошлаб 16 ёшга тўлган шахсларга ID-карта беришда улар бир вақтнинг ўзида солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилади ва жамғариб бориладиган пенсия тизимида рўйхатдан ўтказилади.
Фармон билан жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланиши, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритиш тақиқланиши белгиланди. Мазкур тартибнинг амалга оширилиши нафақат коррупция ва бюрократияга қарши муҳим аҳамиятга эга, балки, статистика аниқ бўлиши, ижтимоий сиёсатнинг манзиллилигини таъминлашга ҳам ижобий таъсир қилади.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг асосий иштирокчиларидан бири бу юридик шахслар ҳисобланади. Уларнинг ташкил этилиши, рўйхатдан, қайта рўйхатдан ўтказилиши ҳуқуқий муносабатларда муҳим мазмунга эга. Бу жараён қанчалик пухта тартибга солинса, турли низоларнинг олди олинади. Мазкур жараённи тартибга солишда ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш зарур. Фармон билан Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгиланлиги ушбу бўшлиқни тўлдиради.
Адлия вазирлиги давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, маъмурий тартиб-таомилларни мақбуллаштириш йўналишида ана шундай кенг қамровли, чуқур изланиш ва ўрганишларда давом этади. Бу йўналишдаги ишларда кенг жамоатчилигимиз ҳам фаол иштирок этиш имконига эга. Бу борада юртдошларимизнинг таклиф-мулоҳазалари бўлса, av11@adliya.uz манзилига тақдим этиши мумкин.
Худоёр МЕЛИЕВ,
адлия вазири ўринбосари