— Стентлаш, аорта коронар шунтлаш, радиочастотали аблация, электрокардиостимулятор ўрнатиш, юрак клапанларини протезлаш каби очиқ усулдаги амалиётлар йилига минглаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва умрини узайтириш имконини бермоқда, — дейди марказ директори Хуршид Фозилов.
— Бундан ташқари, юрак нуқсонларини эндоваскуляр усулда даволаш ҳам кенг оммалашяпти. Муассасамизнинг Рентгенендоваскуляр жарроҳлик бўлими шу йўналишга ихтисослашган.
Сурункали тож томирлар окклюзиясини антеград ва ретроград йўллар билан очиш ва стентлаш, катетер орқали аортал клапан имплантацияси, қоринчалараро ва бўлмачалараро тўсиқ дефекти ҳамда юрак туғма нуқсонларини катетер орқали окклюдер билан ёпиш амалиётлари шулар жумласидан.
Ушбу инновацион муолажа турларининг ноёблиги шундаки, улар кўкрак қафасини кесмасдан, билак томири орқали бажарилади.
Электрофизиологик текширувлар ва юрак аритмиялари мураккаб турларини жарроҳлик йўли билан даволаш бўлимида эса 10 турдаги операциялар ўтказиляпти. Улардан 6 тасида радиотўлқинли аблация усули қўлланилса, 4 тасида турли электрокардиостимуляторлар имплантация қилинади.
Жумладан, радиочастотали аблация усулига мувофиқ, кўкрак қафасини очмасдан, махсус мосламалар ёрдамида юракка етиб борган ҳолда, унинг нотекис уриши (аритмия) билан боғлиқ баъзи нуқсонлар радиотўлқин воситасида бартараф этилади.
Кардиожарроҳлик бўлимида очиқ усулдаги юқори технологик амалиётлар ўтказилади. Ушбу муолажа тури ишлаб турган юракда бажарилиб, бир вақтнинг ўзида ушбу тана аъзосида икки ва ундан ортиқ ўта мураккаб операциялар амалга оширилади.
Яъни юрак клапанларини протезлаш, пластика қилиш, туғма нуқсонларни жарроҳлик йўли билан бартараф этиш, юрак мушаклари ўсмалари, қоринча ва бўлмачалар ичидаги тромбларни олиб ташлаш сунъий қон айланиш тизими ёрдамида ўтказилади.
Эътиборлиси, марказимизнинг ҳудудий филиалларига ҳам ангиограф ускунаси ўрнатилиб, коронарография ва стентлаш амалиётлари йўлга қўйилгач, даволаш ҳамда диагностика усуллари 40 тагача етказилди.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.
Маълумот учун: дунёда юз бераётган ўлим ҳолатларининг қарийб 60 фоизи юрак-қон томир тизими касалликлари оқибатида келиб чиқяпти. Қолаверса, бу турдаги хасталиклар ҳануз ногиронликка етакловчи энг асосий сабаблардан бири.
Бундай оғир дарддан азият чеккан юртдошларимиз яқин йилларгача Германия, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби мамлакатларга даво истаб борган.
Энди эса бу йўналишдаги барча илғор муолажа усуллари юртимизда йўлга қўйилгани қувонарлидир.