Чанг таҳлили учун намуналар пойтахтимизнинг Олмазор тумани "Беруний" метро бекати ва Мирзо Улуғбек туманининг "Академ шаҳарчаси" ҳудудларидан SmartSEM дастурий таъминот ёрдамида 100 мкм дан 1 мкм гача бўлган турли масштабларда олинди.
Намуналар SEM - EVO MA 10 (Zeiss, Германия), Panalytical Empyrean рентген дифрактометри, Agilent 7890B газ хроматографи каби қурилмаларда таҳлил қилинди. Ускуналар иши Data Collector дастури ёрдамида назорат қилинди.
Натижалар шуни кўрсатадики, чанг ҳажми 5 микронгача бўлиб, бу катталикдаги чанг зарралари анча зарарсиздир.
2021 йил 5 ноябрдаги чанг намуналарида 42 турдаги пестицидлар мавжудлиги газ хроматографияси ёрдамида таҳлил қилинганда намуналарда пестицидлар мавжуд эмаслиги аниқланди. Таҳлил маълумотлари чанг таркибида туз ҳам меъёрда эканлигини кўрсатди. Чанг намуналарида рН ўлчови чанг эриганида ишқорий хусусиятларини кўрсатди.
Намуналар таҳлили улар табиатига кўра стандарт чанг эканлигини кўрсатди, деб хабар беради Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.
Чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмас.