Айниқса, саноатлашув, транспорт воситалари сонининг ортиши ва қурилиш ишларининг кенгайиши натижасида ҳаводаги майда чанг заррачалари миқдори ошиб бормоқда. Бу эса нафас олиш тизимига босимни кучайтириб, аллергик ҳолатлар, йўтал, кўз ёшланиши ва ҳатто юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.
Кўпчиликни ўйлантираётган асосий савол шунда: чангли ҳаводан қандай самарали ҳимояланиш мумкин? Мазкур масала юзасидан илмий ва амалий тавсиялар олиш мақсадида Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти Аҳоли пунктларини, турар жой ва жамоат биноларини гигиеник режалаштириш лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари доктори, катта илмий ходим Раушан Атаниязова билан суҳбатлашдик.
Чанг заррачаларининг меъёрий миқдори белгиланганми?
Ифлосланган атмосфера ҳавоси аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган асосий атроф-муҳит омилларидан бири ҳисобланади. Ҳаводаги устувор ифлослантирувчи моддалар ичида чанг алоҳида ўрин тутади.
Жаҳон амалиётида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига мувофиқ, ҳавода ўлчами 10 мкм (PM10) ва 2,5 мкм (PM2,5) дан ошмайдиган заррачалар миқдори меъёрланади.
Ушбу заррачалар инсон организмига нафас орқали кириб, юқори нафас йўлларига, ўпкага, ҳатто қон айланиш тизимигача етиб боради. Натижада турли респиратор касалликлар ривожланиши мумкин.
Атмосфера ҳавосини асосан нима ифлослантиради?
Атмосфера ҳавосининг асосий ифлослантирувчилари қуйидагилардан иборат:
• PM10 ва PM2,5 — майда дисперс чанг заррачалари
• Азот диоксиди (NO₂)
• Олтингугурт диоксиди (SO₂)
• Углерод оксиди (CO)
• Ерга яқин (қуйи) озон (O₃)
Ушбу моддалар инсон саломатлигига турлича даражада салбий таъсир кўрсатади ва турли хавфлилик синфларига мансуб.
PM10 ва PM2,5 нима учун хавфли?
PM10 ва PM2,5 заррачалари 3-хавфлилик синфига киради.
• PM10 заррачалари ўпкагача кириб боради;
• PM2,5 эса жуда майда бўлгани сабабли қон айланиш тизимигача етиб боради.
Бу ҳолат нафас йўллари касалликлари, юрак-қон томир тизими муаммолари ва организм иммун тизимининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин.
Газлар ва уларнинг таъсирига тўхталиб ўтадик бўлсак:
• NO₂ (азот диоксиди) — 2-хавфлилик синфи
→ турли ёқилғиларнинг ёниши натижасида ҳосил бўлади
→ смог ва “кислотали ёмғирлар” шаклланишига сабаб бўлади
→ нафас олиш ва юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатади
• SO₂ (олтингугурт диоксиди) — 3-хавфлилик синфи
→ саноат ва энергетика корхоналари фаолияти натижасида ҳосил бўлади
→ нафас тизимида функционал ўзгаришларга олиб келиши мумкин
• CO (углерод оксиди) — 4-хавфлилик синфи
→ ёқилғининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади
→ қонга кислород етказилишини тўсади
→ бош оғриғи, кўнгил айниши, оғир ҳолларда эса ўлимга сабаб бўлиши мумкин.
• O₃ (озон) — 1-хавфлилик синфи
→ шаҳар смогининг асосий компонентларидан бири
→ йўтал, ҳансираш ва нафас йўлларининг қитиқланишига олиб келади.
Ҳаво сифати қандай баҳоланади?
Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси ҳолатини баҳолаш учун АHИК индекси ишлаб чиқилган.
Бу индекс автоматик мониторинг станциялари маълумотлари ҳамда ифлослантирувчи моддаларнинг соатлик концентрациялари асосида ҳисобланади.
Ҳаво сифати қуйидаги рангли шкала орқали баҳоланади:
• Яшил — ҳаво ҳолати яхши
• Сариқ — ўртача ифлосланган
• Тўқ сариқ — ўртача даражада юқори ифлосланиш
• Қизил — юқори ифлосланиш
• Бинафша — хавфли даража
Чангли ҳавода қандай ҳимояланиш керак?
Мутахассис тавсиясига кўра, ҳаво сифати ёмонлашган пайтда қуйидаги чораларга амал қилиш зарур:
Очиқ ҳавода:
• ташқарида бўлиш вақтни имкони борича қисқартириш;
• жисмоний фаолликни чеклаш;
• уч қаватли тиббий ниқоб ёки фильтрли респиратор тақиш;
• имконият бўлмаганда бурин ва оғизни нам мато билан ёпиш.
Хона ичида:
• дераза ва эшикларни маҳкам ёпиш;
HEPA-фильтрли ҳаво тозалагичлардан фойдаланиш;
• нам тозалаш ишларини мунтазам амалга ошириш;
• ҳавони намлаш.
Саломатлик учун:
• кўз ва бурун бўшлиғини тоза сув билан чайиш;
• шиллиқ қаватларни намлаш;
• астма, ХОБЛ, ИЮК каби касалликларда ҳолат ёмонлашса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш.
Автомобилда:
• ойналарни ёпиқ ҳолда сақлаш;
• вентиляция тизимини рециркуляция режимига ўтказиш;
• салонда чекишга йўл қўймаслик.
Кимлар энг кўп эҳтиёт бўлиши керак?
Қуйидаги аҳоли гуруҳлари юқори хавф остида ҳисобланади:
• болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касалликларга эга шахслар.
Шунингдек, ушбу гуруҳлар эҳтиёт чораларига алоҳида эътибор қаратиши лозим:
• қурилиш майдонлари ва саноат ҳудудлари яқинида узоқ вақт бўлмаслик;
• чанг кўтарадиган тозалаш усулларидан фойдаланмаслик;
• контакт линзалардан вақтинча воз кечиш;
• ниқобни камида ҳар 2 соатда алмаштириши керак.
Мутахасисиснинг сўзларига кўра, чангли ҳаво — бу оддий ноқулайлик эмас, балки инсон саломатлигига жиддий хавф солувчи омилдир. Айниқса, PM2,5 каби кўзга кўринмас заррачалар организмга чуқур кириб бориб, узоқ муддатли касалликлар ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун ҳар бир инсон: ҳаво сифатига эътибор қаратиши, эҳтиёт чораларига амал қилиши ва ўз саломатлигини ҳимоя қилиши зарур. Зеро, соғлом ҳаёт — тоза ҳаводан бошланади.
Зулхумор АКБАРОВА ёзиб олди