Тун... Соат миллари беозоргина “чиқ-чиқ”лаб хонадаги сукунатни бузиб турибди. “Ой тўлишибди”, – хаёлидан ўтказди Шоира опа. – Ишқилиб, бугун ҳам фақат тўрт мучаси соғ чақалоқлар дунёга келсин. Умри билан берган бўлсин. Ота-онасига ва эл корига ярайдиган бўлиб етишсин...”

Аёл тўлғоняпти. Чақалоқнинг чинқириб йиғлаши ҳаммани енгил тин олдирди. Гарчи тўлғоқда кўзларидан севинч ёшлари думаласа-да, туғилажак дилбандининг тотли нафасини ҳис этиб қувонди. Кўзи ярқ этиб очилган аёл қаршисидаги Шоира опага титроқ товуш билан “раҳмат” деди. Оғриғи хийла чекингандек бўлди. Чақалоғини сийпалаб, унга куч-қувват бағишлаган дояга дилидаги жамики эзгу тилакларини тўкиб солди.

- Опа, сизни биринчи қаватда кутишяпти.

Ҳамширанинг овози Шоирахонни сергаклантирди. Демак, яна кимгадир унинг ёрдами керак...

Бу икки аро йўл ўртасида жони ҳалак аёлга оналик саодати улашишни бахт деб ҳисоблайдиган Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ комплекси мудири, қўли енгил акушер-гинеколог Шоира опа Аҳмедованинг касбий фаолиятидан бир лавҳа, холос.

Қаҳрамонимиз болалигидан шифокор бўлишни орзу қилган. Жамалак сочли қизалоқ пайтидаги ўйинларда у ҳамиша оқ халатли врач бўларди. Аслида, беморлар дардига малҳам бўлиш хайрли юмуш саналса, бир аёлнинг эсон-омон кўз ёришига ҳисса қўшиш ундан-да савоблироқ амал. У шундай касбни танлади.

Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. 1994 йил олий ўқув юртини битириб, фаолиятини вилоят туғуруқхонасида бошлади. У ерда Ўзбекистон Қаҳрамони Ойшахон Қўчқорованинг қўлида амалиёт ўтади. Кейин туман марказий шифохонасида меҳнат қилди. 2009 йилдан буён туғуруқ комплекси мудири лавозимида самарали ишламоқда. Ўн бир йилдирки, ўзининг раҳбарлик салоҳиятини намоён этиб келмоқда. Машаққатли ва масъулиятли вазифаси туфайли одамлар, мутасаддилар назарига тушди, уни туман кенгашига депутат этиб сайлашди.

- Бир кунда бир неча ҳомиладорнинг кўзи ёриса, шунча марта хавотир босади юрагимни, - дейди опа. – Ахир ўша аёлнинг ҳаёти хавф остида туриши рост. Токи туғуруқ залида чақалоқ йиғиси янграмагунча, тўлғоқ азобини бошидан ўтказган онанинг юзига хотиржамлик инмагунча бизнинг ҳам бепарво бўлишга ҳаққимиз йўқ. Қалбида иккинчи бир инсоннинг юрак уришини ҳис этаётган она билан суҳбатлашиш нақадар завқли ва ҳаяжонли. У қанчалар илиқ туйғулар билан бизга мурожаат қилади. Аёл саломатлиги, фарзандининг тақдири бизнинг қўлимизда экан, эртаю кеч хизматга тайёрмиз.

Шоира Аҳмедова бошчилик қилаётган катта ва аҳил жамоада тажрибали ходимлар талайгина. Гулнора Алихонова, Зоҳида Шамсиддинова, Дилором Тўламирзаева, Жамила Раҳмоналиева, Дилфуза Тожибоевалар ўз ишининг фидойилари. Улар ҳақида ҳар қанча яхши эътирофлар билдирсак ярашади. Шоира опага тажрибали акушер-гинеколог Адолат Қўзиева, Садбархон Азимовалар билан елкама-елка ишлаш насиб этган. Ҳалол ва заҳматли меҳнатлари боис бугун устозлари каби эъзозу эҳтиромда.

У қўни-қўшни, қариндош-уруғнинг тўю ҳашамларида эркин ўтиролмайди. Дугоналарига ўхшаб гап-гаштакларда юрмайди. Хаёли фақат ишхонасида, туғуруқхонада бўлади. Бирор аёл менинг кўмагимга муҳтож бўлиб қолмадимикан, беэътибор қарашмаяптимикин, деган саволлар уни тинч қўймайди. Бу ишдан опа сира афсусланмайди. Аксинча, шарафли касбидан фахрланади, ҳаловат топади. Яратганга беҳад шукроналар айтади.

- Чақалоқларнинг беғубор қилиқлари, ширингина жилмайишлари чарчоқларимни тарқатиб юборади. Шундай лаҳзаларда касбимдан қониқиб, кўнглим янада ёришиб, қалбим тўлқинланиб кетади. Юртимизда аёл қадри, унинг мавқеи ғоятда азиз ва юксак экани ҳар биримизни шижоат билан меҳнат қилишга, халқ манфаати йўлида изланишга ундайди, - дейди мамнун ҳолда ойдин тунлар бекаси.

Опа билан хайрлашар чоғимизда туғуруқ хонасидан чақалоқнинг “инга-инга”си эшитилди. Яна бир соғлом янги меҳмон дунёга келди. “Инга”ларинг оламни тутсин, болажон!” – деган ният дилимиздан кечди.

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,

журналист