Унда иштирок этган ҳамюртларимиз кутилганидек совринли ўринларни эгаллади. Турнирда мазкур спорт туридаги Евросиё лигаси таркибига кирган 11 жамоа қатнашди. Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, қизғин кечган беллашувларнинг жамоавий дастурида терма жамоамиз мезбонлардан сўнг иккинчи поғонага кўтарилди.
Қайд этиш жоизки, баҳсларда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев бошчилигида Бекзод Қурбонов, Нуржан Туякбаев, Умид Камилов, Хуршидбек Алимжонов каби чавандозларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Аҳамиятлиси, 125 сантиметрни ташкил этган тўсиқлардан ўтиш беллашувида Баҳромжон Газиев маҳорат кўрсатиб, “Ладй” тулпорида биринчи ўринни қўлга киритди. Табиийки, ушбу натижа терма жамоамизнинг бошқа вакилларини янада руҳлантирди. Шундан сўнг баландлиги 145 сантиметр бўлган баҳсда Нуржан Туякбаев олтин медал соҳиби бўлди.
Мусобақанинг энг асосий йўналиши – 150 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан ташкил топган Гран-при дастурида Бекзод Қурбонов ғалабани тантана қилди.