ХХI аср вабоси номини олган ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва касалланганларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, ОИТС тарқалишининг олдини олиш, унга чалинган беморларни тиббий-ижтимоий муҳофазалаш, санитария-гигиена маданиятини юксалтириш, ёшларни гиёҳвандлик ва бошқа иллатлар таъсиридан асраш бугунги куннинг долзарб, кечиктириб бўлмайдиган муаммоларидан бирига айланган.
Ана шу мақсадда, Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг бошлиғи, Республика Бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиевнинг 18 январдаги топшириғига биноан Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига “Чегара билмас шифокорлар” Халқаро ташкилотининг тиббиёт йўналиши бўйича етакчи мутахассиси Гетахун Велду Лемма, адвокация йўналиши бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон Республикасидаги менежери Керр Ребекка, мазкур лойиҳа бўйича, Тошкент шарҳидаги врач Дилором Бобоходжаева, беморлар парвариши бўйича менежер Камчибек Эркинбаев, “Чегара билмас шифокорлар” Халқаро ташкилотининг малакали таржимони Екатерина Сон, лойиҳа координатори Манигхадан Сиварамакришнан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг дастур бўйича халқаро мутахассиси Назокат Косимова, ЮНАЙДС менежери Чарос Мақсудова, МЭС котибаси Дилноза Авазова, Республика ОИТСга қарши курашиш маркази директори ўринбосари Гулифар Нормуротова, бўлим мудири Нурали Тошпўлатов, “Дўстона хона” врачи Эрали Мусурмонов, Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи ўринбосари Шаҳодат Қобиловалар ташриф буюришди. Улар ташрифи давомида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев, бошқарма бошлиғининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Акбархон Мирзахонов, Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Валижон Шерматовлар билан учрашди.
Шундан сўнг, улар Сирдарё вилоятида ОИВ инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият, ОИВ инфекцияли беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат турлари ва сифатини баҳолаш, амалий-услубий ёрдам кўрсатиш, жумладан сил, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар ва ОИВ инфекциясининг оппортунистик касалликларини аниқлаш ва ташхис қўйишнинг замонавий усуллари учун тиббий техника воситалари яъни рентген, GeneXpert ва бошқа тиббий жиҳозлар билан таъминлаш даражасини ўрганишди.
Ташриф давомида мутахассислар Сирдарёлик мутахассислар ҳамроҳлигида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази, Янгиер шаҳар ва Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмаларига қарашли “Ишонч хоналари” ва юқумли касалликлар хоналари (КИЗ)да бўлиб, мутахассислар билан суҳбат ўтказишди.
Вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида бўлиб ўтган учрашувда эса ОИВ инфекцияси ҳамда касаллик билан боғлиқ иккиламчи инфекциялар бўйича марказда олиб борилаётган ташхисот, даволаш ва профилактика ишларини яқиндан ўрганишди. Шу билан бирга ЖССТ мутахассислари томонидан тайёрланган саволнома (анкета)лар асосида етакчи мутахассислар билан савол-жавоблар ўтказишди.
Шундан сўнг улар вилоятдаги “Истиқболли авлод” ва “Интилиш” ННТларида бўлиб, мутахассислар ва мижозлар билан учрашиб, ўз тавсияларини беришди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур учрашув икки томон учун ҳам самарали бўлиб қолмай, ОИТСга чалинаётганлар сонини камайтириш, уни олдини олиш, касалланган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат кўламини кенгайтириш борасида ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати