Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудини зарарли ва бошқа хавфли зараркунандалардан сақлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек,  маҳсулотларнинг экспортбоплигини кучайтириш мақсадида хорижга экспорт қилинувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун қатор қулайликлар яратилмоқда.  Шу билан бирга, Республика ҳудудига олиб кирилувчи импорт маҳсулотларининг сифати, фитосанитар ҳолати юзасидан тегишли тартибда назорат кучайтирилган.

Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан турли маҳсулотларни олиб ўтаётган аксарият фуқаролар карантин рухсатномаси ва фитосанитария сертификати ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганлиги учун ҳам турли муаммолар юзага келмоқда. Таъкидлаш жоизки, карантин объектлари билан мамлакат ҳудудига кирган зарарли организмлар кенг миқёсда тарқалиб, иқтисодиётга жиддий зарар етказади. Ана шундай хавфни бартараф этиш мақсадида Инспекция ходимлари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Ўздавкарантин” инспекторлари томонидан  И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти орқали карантин ости маҳсулотларини олиб келиш билан боғлиқ бир нечта қонунбузарлик  ҳолатлари аниқланди. Хусусан, импорт карантин рухсатномаси ва экспортёр давлатнинг фитосанитария сертификатисиз кириб келган Қозоғистон давлатидан 6 туп малина кўчатлари, Белорус давлатидан 22 кг мурч, Украина давлатидан 4 туп атиргул кўчати, Хитой давлатидан хар ҳил турдаги 8 кг зираворлар, Россия Федерациясидан умумий ҳисобда 37 туп  олма, малина, қулупнай, лавр ва гул кўчатлари Ўсимликлар карантини чегара маскани инспекторлари томонидан тўхтатиб қолинди.

Амалдаги қонунчиликка асосан, ушбу карантин остидаги маҳсулотлар “Ўздавкарантин” инспекцияси инспекторлари ҳамда тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунига асосан “Ўздавкарантин” инспекцияси томонидан “Карантин остидаги маҳсулотларни импорт ва экспорт қилишда юритиладиган фитосанитария тартиб-тамойиллари бўйича йўриқнома” ишлаб чиқилган.

Унда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқароларга юқори даражадаги фитосанитар хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотни почта жўнатмаларида юборилиши таъқиқланиши, шунингдек, почта жўнатмаларида юқори даражадаги фитосанитар хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотлар келган тақдирда далолатнома тузилиши ва маҳсулот дарҳол йўқ қилиниши кўрсатилган. Юқори фитосанитар хавфга эга бўлган карантин ости маҳсулотларига экиш материаллари, хусусан, кўчат, уруғ, пиёзбошлар, туганаклар киради.

“Ўздавкарантин” инспекцияси

ахборот хизмати