Ўтган асрнинг 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб ўзбек ва француз археолог олимлари ҳамкорлигида олиб борилган тадқиқотлар натижасида Самарқанддан 25 километр шимолда, Челак шаҳри яқинида жойлашган Кўктепа ёдгорлигида милоддан аввалги XII асрда, яъни бундан қарийб 3100 йил аввал пайдо бўлган қадимий шаҳар харобаларининг топилиши фандаги кўплаб илмий муаммоларни, жумладан, афсонавий Басилея шаҳрининг жойлашган ўрни, унинг локализацияси хусусидаги тахминларни ҳам ойдинлаштирди.
Кўктепа юнон тарихчилари томонидан тилга олинган Суғднинг илк пойтахти – Басилеянинг бизгача етиб келган харобалари эканлиги илмий жиҳатдан исботланди ва фанда бу шаҳарнинг қаерда жойлашганлиги муаммоси билан шуғулланган олимлар томонидан ҳам тўла эътироф этилди.
Тарих фанлари доктори Абдусобир Раимқуловнинг эътироф этишича, асрлар ўтиши билан Басилея шаҳри ўз жойини бир марта ўзгартириб ҳозирги Челак шаҳри ўрнига кўчган.1961 йилда Басилея-Челак шаҳар аркига яқин бўлган ҳовлилардан бирида кавланган қудуқдан тасодифан қадимий тилла узук ва тўрт дона ноёб кумуш косалар топилган. Топилмалар Самарқанд шаҳрида жойлашган Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъати музейига келтирилган.
Эфталитлар даврига, яъни V-VI асрларга оид мисгарлик санъатининг бу юксак ноёб намуналари ўша пайтдаёқ “Челак косалари” номи билан археология фанида жуда машҳур бўлиб кетган. Қадимий Суғд санъати тарихи бўйича хорижда ва Ўзбекистонда олиб борилаётган тадқиқотларда ҳозирги кунларда ҳам бу топилмаларга доимий равишда мурожаат қилинади ва уларнинг янги-янги қирралари тўғрисида фикрлар ўртага ташланади.
Челак косалари юқори сифатли соф кумушдан ясалган бўлиб, устидан тилла суви югуртирилган. Улардан бири Эрон ва ҳозирги Туркманистон ҳудудларини эгаллаган Сосонийлар сулоласи даври санъати маҳсули бўлиб, V асрга, бошқа бир коса Эфталитлар ҳукмронлиги даврига, у ҳам V асрга, яна иккита коса эса V-VI асрларга мансубдир.
Келгуси ҳафтада Франция пойтахтидаги жаҳонга машҳур Лувр музейида мамлакатимизнинг бой маданий ва тарихий меросига бағишланган ноёб кўргазмада мазкур косаларнинг намойиш этилиши ҳам унинг нечоғлик бебаҳолигидан далолат беради.
Профессор, санъатшунос Л.Ремпелнинг маълумотига кўра, илк ўрта асрларда Челак шаҳрида зардуштийлик динининг "худо"ларидан бири Деси шарафига бунёд этилган улкан ибодатхона бўлган ва бу бинода “ёвуз руҳларни ҳайдовчи” маъбуданинг олтин ҳайкали қад кўтариб турган.
Басилея-Челакнинг антик ва илк ўрта асрлар даври тарихи бўйича бошқа манбалар маълум эмас. Бунинг учун бу шаҳар ҳудудида кенг қамровли археологик қазиш ишлари олиб борилиши зарур.
А. Раимқуловнинг "БУЮК ЎЛКАНИНГ КЎҲНА ЖАВОҲИРИ ёҳуд ўттиз бир асрлик кўҳна шаҳар тарихига чизгилар" мақоласинининг тўлиқ матнини "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2022 йил 19 ноябрдаги 237 сонида ўқишингиз мумкин)