“Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (653-сон, 08.11.2022 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра: 

— 2023 йил 1 январдан чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган ҚҚС суммасини қисман қайтариш “tax free” тизими тажриба тариқасида жорий этилади;

— Чет давлат фуқароларига қайтариладиган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ва уни қайтариш солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали амалга оширилади;

—  Чет давлат фуқароларига ҚҚС суммасини қайтариш минимал харид қиймати ҚҚС суммасини ҳисобга олган ҳолда камида 1 миллион сўмни ташкил этганда ҳамда товарлар харид қилинган кундан эътиборан 3 ой мобайнида амалга оширилади;

—  2022 йил 10 декабрга қадар мобил иловага чет давлат фуқаролари томонидан тўланган ҚҚС суммасини қайтариш имконини берадиган қўшимчалар киритилади;

—  2022 йил 15 декабргача чет давлат фуқароларининг мобил иловадан рўйхатдан ўтишларида Ўзбекистонга кириб келганлигини қайд этиш маълумотлари орқали идентификация қилиш имконияти яратилади.