Наманган шаҳрида яшовчи 40 ёшли М.В. ариза билан мурожаат қилиб, телефон орқали “Интер Винго” номли фирма ишчиси билан танишиб, Польша давлатига ишга кетиш мақсадида, банк картасига 2.700.000 сўм пулларни ўтказиб берганидан сўнг “номаълум шахс” унинг қўнғироқларига жавоб бермай уни қора рўйхатга киргизиб қўйганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Самарқанд вилоятида яшовчи 21 ёшли Г.В. содир этгани у жабрланувчини алдаб ўзини “Интер Винго” фирмаси ишчиси деб таништирган ва уни Польшага ишга жўнатишни ваъда қилиб, ўзининг банк картасига 2.700.000 сўм миқдоридаги пулни ўтказиб олиб, сўнг ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб  юборгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Г.В.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисм билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Г.В.га содир этган жиноий ҳаракатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.