Бутун халқимиз Президентимиз Мурожаатномасини интиқлик билан кутгани рост. Сабаби, унда тилга олинган қайси соҳа бўлмасин, аввало, туб илдизидаги мақсад халқ фаровонлигига қаратилади. Кутилганидек, Мурожаатномада бирор соҳа эътибордан четда қолмади. Ҳар бирининг ютуқ ва камчиликлари, келгусидаги вазифалари таҳлил қилинди.
2023 йилнинг юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши алоҳида эътирофга лойиқ. Чунки таълим сифати ва жамият тараққиёти ўзаро чамбарчас боғлиқ. Сифатли таълим йўлга қўйилса, билимли, рақобатбардош, замонавий компетенцияларга эга кадрлар етишиб чиқади. Бундай мутахассислар эса касбий ва бошқарув фаолиятида оқилона қарорлар қабул қилиш орқали юрт равнақига ҳисса қўшади.
Ривожланган давлатлар тажрибасини таҳлил қилсак ҳам асосий омил сифатида таълимга қаратилган жиддий эътиборни кўришимиз мумкин. Жумладан, ҳар қандай давлатнинг инвестициявий жозибадорлиги аҳолининг интеллектуал салоҳияти билан белгиланади. Президентимиз Янги Ўзбекистонни “Ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни эътироф этиб, энг катта инвестиция таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилишини алоҳида таъкидлади.
Зотан, “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”. Бугун замон ҳар қачонгидан ҳам тезлашди. Шу боис, замон талаблари асосида ўқитиш ҳам янгиланиши ва ривожланиши зарур. Энди билим олувчилар ҳам, таълим берувчилар, қолаверса, таълим мазмуни ҳам янгиланиши, ўзгариши керак.
Биз фаолият юритаётган олий таълим муассасасида ҳам жараён давом этмоқда. Негаки, талабаларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш барчамизнинг бурчимиз. Президентимиз олий таълим муассасалари фаолиятига тўхталиб, сўнгги йилларда олийгоҳларимиз 2,5 баробар кўпайиб, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошганини таъкидлади. Сон жиҳатдан бу кичик кўрсаткич эмаслиги, лекин таълим сифати масаласини ҳам унутмаслик кераклигига алоҳида урғу бериб ўтди.
Бунинг учун ҳар бир олийгоҳ ўзи ҳаракат қилиши, шундагина аниқ натижа бўлиши айтилди. Охирги вақтларда дарсликлар ва уларнинг савияси, яъни таълим мазмуни илмий-техник тараққиёт даражасидаги замонавий талабларга жавоб бермаслиги кўплаб танқидларга сабаб бўлаётганига гувоҳмиз. Бу борада келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши, мактаб таълими халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилинишини қайд этиб ўтди.
Мурожаатномада кўзда тутилган муҳим йўналишлар донишманд мутафаккирларимизнинг фикрлари ва илмий асосланган тажрибаларга таянилган ҳолда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, инсон манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилгани кенг жамоатчилик ва бутун халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди.
Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, сўнгги икки йилда институтимизда қабул квотаси икки баробар, давлат гранти эса уч баробар оширилди. Бундан ташқари, бир неча янги таълим йўналишлари ҳам очилди.
Йилдан-йилга институтга ўқишга кириш мақсадида ҳужжат топширувчилар ва талабалар сони ортиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан янгидан-янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари ва кутубхоналар қуришни, жумладан, янги таълим йўналишлари, факультетлар ҳамда филиалларни очишни тақозо этмоқда. Эҳтиёждан келиб чиқиб, 2022/2023 ўқув йилида давлат-хусусий шериклик асосида 1 минг 500 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи, шунингдек, уч қаватли замонавий ахборот-ресурс маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, мавжуд ва фойдаланишга яроқсиз бўлган минг ўринга мослашган тўрт қаватли ўқув биноси ҳамда 350 ўринли талабалар турар жойи мукаммал қайта таъмирдан чиқарилди. Биз бу билан талабаларни турар жой билан таъминлаб, замон талабларига мос жиҳозланган ўқув хоналарида таълим олишига имкон яратдик, десак муболаға бўлмайди. Айни дамда жаҳон андозаларига жавоб берадиган икки минг ўринли янги ўқув биноси қуриляпти. Шунингдек, минг ўринга мослашган яна бир ўқув биномизда қайта таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Жумладан, очиқ спорт майдони, ёпиқ спорт мажмуаси, таълимда кластер тизимини жорий қилиш мақсадида мактабгача таълим муассасаси ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб қуриш ишлари ҳам истиқболдаги режаларимиздан ўрин олган. Президентимиз айтганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларни пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур.
Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим. Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш ҳам давр талаби. Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ёшларга қарата мурожаат қилиб, ўз даврининг илм-фан тили бўлган араб, форс, турк ва рус тилини мукаммал ўрганишга даъват қилган. Чунки тил билмасдан жаҳонга чиқиб бўлмаслигини маърифатпарварлар жуда яхши англаган. Бугунги кунда Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам умумтаълим мактабларида сифатли таълимга ҳисса қўшмоқда.
Жумладан, вилоятдаги 111 та мактабга институтнинг юздан зиёд тажрибали раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчилари масъул этиб бириктирилган. Мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларга методик ёрдам кўрсатиш мақсадида янги ўқув-услубий дарсликлар ва замонавий бадиий адабиётлар, ўқув жиҳозлари етказиб берилди. Шу мақсадда 60 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Ўтган йил 1 январдан бошлаб юртимиздаги 35 та олий таълим муассасасига молиявий, академик ва ташкилийбошқарув мустақиллиги берилди. Улар қаторида Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам бор. Айни пайтда бундай олийгоҳлар сони 41 тани ташкил этмоқда. Ушбу тизимга ўтишдан олдин хорижий тажриба ўрганилиб, тегишли вазирлик билан келишилган ҳолда молиявий мустақилликка ўтилди.
Биринчи навбатда, ушбу тизимга ўтган олийгоҳларга таълим бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда ҳамда муассасанинг илмий-педагогик салоҳияти, моддий-техник базасини инобатга олиб, янги ўқув йўналишлари очиш, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилади. Молиявий мустақилликнинг яна бир афзаллиги топиладиган даромадни кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган талабаларга сарфлаш, уларга моддий ёрдам бериш, рағбатлантириш мумкин.
Шунингдек, олий ўқув юрти замонавий педагогик технологияларни қўллайдиган, илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчилар, мутахассисларни шартнома асосида ўқув жараёнига жалб қила олади. Молиявий мустақил бўлганимиз боис, охирги икки йилда қатор ишларни бажардик. Жумладан, институтимизда таҳсил олаётган талабалар мунтазам моддий рағбатлантирилмоқда.
Самарқанд давлат чет тиллар институти хорижий олийгоҳлар билан алоқа ўрнатиш борасида ҳам ўзига хос ўринга эга. Бугунги кунга қадар институт юзга яқин нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Бу йил Туркиянинг Меҳмет Акиф Эрсой университети билан ҳамкорликда турк тилини, Испаниянинг Кастилла-Ла Манча университети билан биргаликда испан тилини ўқитиш бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.
Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига биноан, институтда халқаро рейтинглар бўйича ишлаш бўлими ташкил этилди. Шунингдек, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори 1000 талик рўйхатга кириш бўйича мақсадли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, халқаро рейтинглар билан ишлаш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Натижада Самарқанд давлат чет тиллар институти мамлакатимиздаги 28 та олий таълим муассасаси қаторида World University Rankings — 2023 халқаро рейтингида даъвогар мақомига эга бўлди. Мазкур 28 та олий таълим муассасаси нуфузли рейтингларга кириш учун номзод сифатида танланиб, бунда рейтинг агентлиги уларга яқиндан ёрдам бериши таъкидланди.
Мурожаатномада келтирилган барча йўналишлар, олдимизга қўйилган вазифаларга жасоратли меҳнат билан бирга Ватанимизни севиш, халқимиз, мамлакатимиз тараққиёти учун фидойи бўлиш орқалигина эриша оламиз. Бунинг учун шу юртда яшаётган фуқаро, педагог сифатида давлатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни ўзимизнинг асосий вазифамиз деб биламиз.