Ўтган йилдан бошлаб фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ва унинг ҳудудлардаги вакилликлари бу борада фаол ташаббусларни илгари сурмоқда.

Шу ўринда, Президентимизнинг жорий йилнинг 17 январь куни ўтказилган таълим соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатмайди. Чунки талабалар ёшлигиданоқ иккита тилни билади. Биз 1-синфдан 11-синфгача чет тилини ўргатамиз. Лекин мактабни битирган болаларнинг неча фоизи шу тилда гаплаша олади?! Бунга давлатнинг қанча пули кетаяпти! Қани натижадорлик”, дея ўртага ташланган ҳақли саволни эслаб ўтсак.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳар бир мактаб кесимида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўрганиш даражасини белгилаш, ҳудудлар кесимида мактаблар рейтингини ишлаб чиқиш, хорижий тилларни ўргатиш имкониятларини энг чекка қишлоқларда жойлашган таълим муассасаларида ҳам ошириш долзарб саналади. Хорижий тилларни мукаммал билувчи ўқувчи ёшларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш бу борадаги яна бир муҳим вазифадир.  

Агентликнинг Навоий вилоят ҳудудий вакиллиги айни шу жиҳатларга муҳим эътибор қаратиб келаётган бўлиб, ўтган қисқа даврда қатор ташаббусларни амалга оширди. Жумладан, Агентлик ва Навоий вилояти ҳокимлиги келишувида “Йўл харитаси” тузилган бўлиб, унга мувофиқ 14 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди, 16 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 2 мингдан ортиқ хорижий тилларни ўрганувчилар қамраб олинди. 

Вилоят миқёсида 63 нафар мобиль тренер тайёрланди. Ушбу тренерлар ҳудуддаги тоифа аттестациясида паст кўрсаткич кўрсатган хорижий тил ўқитувчилари билан интенсив курсларда тренинглар ташкил этди. Тренинглар якунида халқаро тан олинган тил билиш даражаси сертификатлари учун бир неча марта бепул Mock Examлар ташкил этилиб, натижада сертификатланганлик даражаси вилоят миқёсида ошди. Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан халқ таълими тизимида фаолият юритаётган, халқаро ва унга мос даражадаги миллий сертификатларга эга республикадаги инглиз тили ўқитувчиларининг 2021 йил июнь-декабрь ойлари ҳолати бўйича рейтинг шакллантирилди. Ушбу рейтингга мувофиқ бугунги кунда Навоий вилояти биринчи ўринда бўлиб, халқаро сертификатларга эгалик даражаси 30 фоиз, халқаро даражага тенглаштирилган миллий сертификатга эгалик даражаси бўйича 68 фоизни ташкил этмоқда.  

Вакиллик ташаббуси билан ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан Навоий давлат педагогика институти профессор ўқитувчилари ҳамкорлигида Intensive Professional Development Center ташкил этилди. Унда халқаро ТКТ (Teaching Knowledge Test) тестларига тайёрлов тренинглари ўтказилмоқда. Шунингдек, халқ таълими тизимидаги барча ҳудудларда фаолият юритиб бораётган мобиль гуруҳлар тренерлари учун Британия Консуллиги томонидан ишлаб чиқилган Road to IELTS дастуридан фойдаланиш учун ҳамкорлик дастури доирасида 1,5 миллион сўмлик ваучерлар бепул тақдим этилди. Шу билан бирга Cambridge Assessment томонидан ташкиллаштирилган юз нафар хорижий тил фан ўқитувчилари учун Притестинг тест синовлари бўлиб ўтди. 

Шу билан бирга Корея Республикаси элчихонаси қошидаги Корея Республика таълим маркази ўртасида бўлиб ўтган мулоқот давомида ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида режалар тузиб олинди. Корейс тилини ривожлантириш бўйича таклиф ва маслаҳатлардан сўнг Навоий ҳудудий вакиллик кутубхонаси ва кўриш имконияти чекланган болажонлар учун корейс тили ва маданияти ифодаланган, суръатларга бой китоблар, дарсликлар, луғатлар, машқ дафтарлари, турли тарихий адабиётлар совға тариқасида тақдим этилди. Шунингдек, “Китоб хайрия” лойиҳаси асосида 14 та мактабгача таълим муассасаларига Корея элчихонаси томонидан ҳадя қилинган эртак китоблари топширилди. 

Тил ўрганишда радио ва телевидения имкониятларидан фойдаланиш ҳам кўзланган натижани беради. Шу боис, Навоий шаҳридаги “Ёшлар медиа студияси”да ҳар ҳафта “English Ted Club” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ёшлар бу ерда баҳс-мунозара услубида билимларини бойитмоқда. Аслида хорижий тилларни ўрганиш мулоқот орқали самарали эканлигини ҳисобга олганда, бундай ёндашув тўғри ва ўз ўрнида қўлланилмоқда.

Яқинда Навоий шаҳрида ўтказилган агентлик ҳамда Британия кенгашлари ҳамкорлигида “Халқаро тестларни муваффақиятли топшириш: стратегиядан амалиётга” мавзусидаги халқаро конференция яна бир муҳим ташаббусларимиздан саналади. Унда Британия кенгашлари вакили Жоанна Моттерам хоним томонидан APTIS тест синовларини баҳолашда эътиборга олинадиган жиҳатлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Конференция давомида профессионал таълимда фаолият юритаётган 32 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари учун халқаро ТКТ (Teaching Knowledge Test) притестинг ўтказилди.  

ТКТ тестларида инглиз тили фани ўқитувчиларининг методик ва педагогик билимлари синовдан ўтказилади. Ушбу синов тестининг учта модулидан етарли баллни тўплаган ўқитувчилар С1 халқаро даражага, ТКТ дипломига ва ойлик маошига 50 фоиз миқдорида устама олиш имкониятига эга бўлади. Лойиҳада иштирок этиш ихтиёрий, ижтимоий тармоқларда доимий тарғиб этиб борилади. 

Унда иштирокчилар томонидан тақдим этилган ижодий ишлар дастлаб техник кўрикдан ўтказилади. Яъни бунда ижодий иш ўқувчилар томонидан кўчирилмаганлиги, ижодий ёндошган ҳолда фикрларини баён этишига алоҳида эътибор қаратилади. Шундан кейин шаффофлик ва ҳаққонийликни таъминлаш мақсадида ёзувчилар томонидан ижодий ишларга баҳо берилади. Бундан кейин ҳам бу каби лойиҳаларни давом эттириш ниятидамиз. 

2021 йилда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Навоий вилояти ҳудудий вакиллиги томонидан “Менинг омадим ҳикояси” мавзусида ҳикоялар лойиҳаси эълон қилинган эди. Дастлаб ушбу лойиҳа ўқитувчилар ўртасида ўтказилган бўлса, кейинчалик лойиҳа қамровини кенгайтириш мақсадида ўқувчи ёшлар ҳам жалб этилди. Конференция доирасида ғолиб деб топилган 10 нафар ўқитувчи ва 10 нафар ўқувчи рағбатлантирилди.  

Дарҳақиқат, “Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим”, деган эди давлатимиз раҳбари янги агентлик ташкил этилиши  таклифи билдирилган вақтда.

Айтиш мумкинки, агентлик томонидан бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар ана шу талабни тўла амалга ошириш ва чет тилларини ўрганиш сифатини чекка ҳудудларда ҳам сезиларди даражада яхшилашга қаратилган.  

Вазира АЗИМОВА,

Хорижий тилларни ўрганишни

оммалаштириш агентлиги Навоий вилояти

ҳудудий вакиллиги бошлиғи.