Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати хабар беришича, 9 декабрь куни соат тахминан 9:30 лар арафасида Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБга қарашли, Оҳангарон туманида жойлашган “Чинор” мунтазам ЙПХ масканига хизматга жалб этилган ходимлар водий йўналишидан Тошкент томон ҳаракатланиб келаётган “KIA BONGO” русумидаги автомобилни тўхтатади. Наманган вилоятида яшовчи ҳайдовчи Ў.Абдураҳмонов инспекторларга автомобиль юкхонасида бўлган юкларнинг ҳужжатларини тақдим эта олмайди. Чунки унда бу юклар учун тааллуқли бўлган ҳужжатлар йўқ эди.

Юкхонада эса чет элда ишлаб чиқарилган 221 та турли русумдаги дазмоллар, 24 та гўшт майдалагич, 44 та блендр, 60 та миксер маиший техникалари ҳамда 50 қути “Гепарин” ва 6165 та “Йодомарин” дори воситалари бўлган. Ходимлар вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда ҳайдовчиларни ва олинган ашёвий далилларни туман ИИБга топширди. Маиший техника ва дориларнинг қаердан олингани ва қаерга олиб кетилаётгани тўғрисидаги саволларга тергов идоралари жавоб топади.