Маълум қилишича, фуқаро Бухоро шаҳри И.Каримов ва И.Мўминов кўчалари чорраҳасида жойлашган "Глобал интер авиа сервис” МЧЖ авиакассасидан "Бухоро — Москва” йўналиши бўйича 2 483 775 сўмга авиачипта харид қилган. Кейинчалик оилавий шароити туфайли учиб кета олмаслигини айтиб, авиакасса ходимларидан авиачипта учун тўлаган пулини қайтаришларини сўраган. Бироқ истеъмолчининг мурожаати асоссиз рад этилган.
Яна бир истеъмолчи – Бухоро тумани “Шергирон” МФЙда яшовчи М.Ш. ҳам Бухоро шаҳри И.Мўминов кўчасида жойлашган "Эмир Лео космос” авиакассасидан 5 525 000 сўмга авиачипта харид қилган. Аммо маълум сабабларга кўра учиб кета олмаслигини айтиб, авиакасса ходимларидан авиачипта учун тўланган суммани қайтаришларини сўраб қилган мурожаати асоссиз рад этилганини билдирган.
Мазкур мурожаатлар Бухоро шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилди. Авиакасса ходимларига амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари юзасидан тегишли тушунтириш берилди. Шундан сўнг муаммо зудлик билан ижобий ҳал этилди. Истеъмолчиларнинг авиачипта учун тўлаган пули тўлиқ қайтариб олиб берилди.
Каримжон ҲАФИЗОВ,
Бухоро шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамияти раиси