Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши, ҳудудда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда Чирчиқ шаҳрида оммавий спорт тарғиботи, унинг жисмоний ва маънавий баркамолликнинг асоси эканини тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш борасидаги меҳнати, малакали кадрларни тайёрлашдаги жонбозлиги учун Чирчиқ шаҳар ҳокими Санжар Юсупов "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.

"Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишони билан Олимпия, Паралимпия, Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон, Осиё чемпионатларида ва бошқа нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган, Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган спортчиларнинг мураббийлари, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа вакиллари тақдирланади.

Шунингдек, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Тошкент вилояти бўлими томонидан ҳам Тошкент вилоятида, хусусан, Чирчиқ шаҳрида қиличбозлик спорт турини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги алоҳида ташаккурнома билан тақдирланди.

Илҳом РАҲМОНОВ