Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 8 октябрдаги жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизнинг барча маҳалла, туман ва шаҳар, вилоятлар кесимида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтарини” тузишга кўрсатма бериб ўтган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Чирчиқ шаҳрида қатор ислоҳатлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Чирчиқ шаҳар ҳокими Санжар Юсупов бошчилигида сектор раҳбарлари, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутатлари, корхона ва ташкилотларнинг мутасаддилари иштирокида сайёр қабулларни уюштириб, аҳоли мурожаатлари, муаммо  ва таклифлари  ўрганилиб,  тегишлилигича имкон қадар  мурожаатлар  шу жойнинг ўзида бартараф этишга, ечим топишга эришилмоқда.

Жумладан, Чирчиқ давлат педагогика институтида Чирчиқ шаҳар ҳокими раислигида очиқ мулоқот ўтказилди. Аҳоли, айниқса, ёшлар  иштирокида бўлиб ўтган  очиқ мулоқотда  аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик, кичик бизнес, ва бандликнинг бошқа самарали шаклларини ривожлантириш бўйича таклиф ва мурожаатлар тингланди. Фуқароларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди, ёшларнинг иш сўраб ёки бизнес – лойиҳалари бўйича   мурожаатлари эшитилиб, атрофлича тушунча ва тавсиялар берилди. Ҳар бир йўлланган мурожаат ишчи-гуруҳлар томонидан имкониятлардан келиб чиқиб, ижобий ҳал этилиши таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида маҳалла фаоллари ва асосан иш билан банд бўлмаган, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган хотин-қизлар иштирокида “Аёл ва рақамли иқтисодиёт” номли ўқув-семинар ташкил этилди. USAIDнинг “Тадбиркорлик ва иш билармонлик муҳитини ривожлантириш” лойиҳаси асосида “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди кўмагида ўтказилган ушбу семинардан аосий мақсад, Тошкент вилоятида ишбилармон аёллар учун электрон тижоратни ривожлантиришдир.

Лойиҳа раҳбари, Тошкент вилояти депутатлар кенгаши ННТ билан ишлаш доимий комиссия раиси, “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди раиси Саодат Турсунбоева раислигида ўтган семинарда ушбу лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида таклиф этилган мутахассислар томонидан атрофлича ахборот берилди. Мазкур семинарда қатнашган шаҳар ҳокими Санжар Юсупов ушбу фурсатдан фойдаланиб, хотин-қизларнинг муаммо ва таклифларини тинлади ва ўртага ташланган таклиф ва муаммолар ечимида шахсан ҳокимнинг ўзи бош-қош бўлишини айтиб, йўналишлар бўйича корхона ва ташкилотларга топшириқлар берди. Семинар якунида хотин-қизларга сертификатлар топширилди.

Илҳом РАҲМОНОВ