Очилиш маросимида Даврон Ҳидоятов сўнгги пайтларда ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига муносиб баҳо бериб, бу ўзгаришлар, аввало, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Бу каби кўркам масканлар шаҳар аҳолиси ва меҳмонларнинг севимли жойларидан бири бўлишига умид билдирди.

Қайд этиш зарурки, илгари бу боғ қаровсиз аҳволда эди. Кенг кўламли саъй-ҳаракатлар туфайли бу жой ҳам сўлим масканга айланди.

Мазкур лойиҳа вилоят ҳокимлиги буюртмасига асосан амалга оширилди.

Бир ярим ойда 3 гектарга яқин майдонда барпо этилган боғ ҳудудида кўнгилочар масканлар, замонавий "Street work out" майдончаси, скейтборд учиш жойлари, велосипед йўлакчалари, 10 минг 140 квадрат метр сайр йўлаклари қилинди, 15 минг квадрат метр чим ётқизилди, Шунингдек, 135 та қуёш энергияси билан ишлайдиган тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Ҳудуд мусаффолигини таъминлаш мақсадида мавжуд дарахтлардан ташқари минг донага яқин турли манзарали кўчатлар экилди. Бундан ташқари, 50 дан зиёд боғкурсилар ва урналар ўрнатилди.

Ушбу боғдаги кўнгилочар масканлар йилнинг тўрт фаслида ҳам одамлар ҳордиқ чиқариши учун хизмат кўрсатади.

Эндиликда мазкур истироҳат боғида умумхалқ байрамлари, оммавий томошалар, спорт мусобақалари ўтказиш имконияти ҳам мавжуд.

Тадбир иштирокчилари истироҳат боғи бўйлаб саёҳат қилиб, амалга оширилган ишларга баҳо беришди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.