Хусусан, жорий йилнинг 30 март куни Чирчиқ шаҳридаги 13-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Мирзо Улуғбек” ҳамда “Воҳид Ҳайдаров” номидаги МФЙларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар учун Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, ҳомийлар ва ҳоким ёрдамчилари Сардор Дастиров, Хуршид Содиқовлар ташаббуси билан “Ассалом Наврўз” номли байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари учун ҳомийлар томонидан байрам дастурхони ёзилиб, сумалак, палов, кўк сомса каби баҳорий таомлар тортилди. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари, мактаб ўқувчилари томонидан кураш, белбоғли кураш, арқон тортиш, шахмат, шашка каби спорт беллашувлари ўтказилди, мусиқий дастурлар намойиш этилди. Байрам тадбири доирасида бир гуруҳ кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун суннат тўйлари ҳам ўтказилиб, тўй болаларга қимматбаҳо совғалар улашилди. Таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кўнгилларга дилхўшлик бағишлади.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида шаҳарнинг иккинчи сектор ҳудудидаги “Ҳумо” МФЙ да ҳам беш нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун суннат тўйлари ўтказилди.
– Наврўз айёми арафасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан 300 нафардан ортиқ муҳтож оилаларга озиқ - овқат маҳсулотлари, бундан ташқари ҳар бир МФЙларда ҳомийлик асосида турли хил саховатлар кўрсатилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Чирчиқ шаҳар бўлинмаси раиси Ўткир Тожибоев. – Умумий ҳисобда айтадиган бўлсак, ҳозиргача мингдан ортиқ оилаларимизга озиқ –овқат жамланмалари тарқатилди. Яна бир амалга оширилаётган хайрли ишлардан бири, тиббий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига ўндан ортиқ ҳассалар, юриш ва эшитиш мосламалари, катталар ва ёш болалар учун ногиронлик аравачалари етказиб берилмоқда. Жумладан, Ибрагимовлар оиласининг Ҳасан ва Ҳусан фарзандлари учун иккита ногиронлик аравачаси ҳам Чирчиқ шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ҳамкорлигида топширдик.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади