Уй-жой коммунал вазирлиги мутасаддилари айни дамда ушбу муаммони жойида ўрганмоқдалар. Муаммонинг ечими, унга сарфланадиган моддий таъминот, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш
чора-тадбирлари ўзаро муҳокама қилинди. Вазиятни ўрганиш асносида мутахассислар жами 3 та, яъни сув тўпланадиган, сувни филтрлайдиган ҳамда турли тозалаш жараёнидан ўтказадиган объектларни кўздан кечирдилар.
Маҳаллий мутахассисларнинг таъкидлашича, бундаги асосий муаммо Чодак сув иншоотида сувнинг йўқлиги билан боғлиқдир.

Маълум бўлишича, 2020-2021 йил давомида Инвестиция дастури доирасида “Чодак-1” ва “Чодак-2” иншоотлари орқали аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 8,0 млрд сўм эвазига, 12,2 км (7,2 км Д-400, 5 км Д-200) магистрал тармоқ тортиш режалиштирилган ва айни кунларда бу борадаги ишлар қизғин давом эттирилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар пудрат ташкилоти томонидан 10,1 км магистрал тармоқ тортиш ишлари якунланган. Ушбу МФЙларни ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 9899 млн. сўм, жумладан 12,2 км яроқсиз ҳолдаги ичимлик суви тармоқларини тўлиқ реконструкция қилиш ҳамда сув иншоотларига зарарсизлантириш ускуналарини ўрнатиш учун 5229 млн. сўм, 5060 та хонадонларни ичимлик суви тармоғига улаш учун 7 км узунликдаги ички ичимлик сув тармоқлари тортишга 3170 млн. сўм, “Ўрта Хонобод” сув тўплаш иншоотига қўшимча равишда ҳажми 500 м3 бўлган 2 та тоза сув сақлаш ховузи ва фильтр станцияси қуриш учун 1500,0 млн. сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.


Натижада Чодак қишлоғида яшовчи 32169 нафар аҳолининг 27344 нафари (85 фоизи) ичимлик суви билан таъминланади.