Давлат хизматлари агентлиги тизимида ҳам жойларга чиққан ҳолда фуқароларини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уни тегишлилиги бўйича бартараф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғини ва умумтаълим мактабларда учрашув ва мулоқотлар ўтказиб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ижобий ҳал этишга кўмаклашилмоқда.
Чортоқ туман давлат хизматлари маркази ходимлари тумандан узоқда жойлашган аҳоли хонадонларини уйма-уй юриб давлат хизматлари соҳасига оид мурожаатларни ўрганиш асносида фуқароларни хизматлардан фойдаланишда қандай қийинчиликларга дуч келаётгани юзасидан сўровнома ўтказди.
Аниқланишича, тумандан 30-40 километр узоқликдаги аҳоли марказ томонидан кўрсатилаётган хизматлардан фойдаланиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаётгани очиқланди. Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида Чортоқ туман давлат хизматлари маркази филиали Балиқкўл маҳалласида очилди. Мазкур филиал 13 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 53 мингдан зиёд аҳолига давлат хизматларини кўрсатади.
Балиқкўлда очилган филиал шундоққина Султон Увайс Қараний зиёратгоҳини ёнгинасида жойлашган. Энди мазкур қадамжога ташриф буюрган зиёратчилар ҳам давлат хизматларига эҳтиёж сезса туман марказига бормай маҳалланинг ўзида фойдаланиши мумкин.
Филиалга биринчи бўлиб Балиқкўл маҳалласидаги мактабгача таълим ташкилотида фаолият олиб бораётган Наргиза Тўлабоева мурожаат қилди. Унинг айтишича, йил давомида давлат хизматлари марказига бориб ўзининг вақтини ва ортиқча маблағини сарф қилган.
Яна бир фуқаро Мирзохид Нўмонов ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганига бор ёғи бир ҳафта бўлди. У қисқа вақт давомида 5 та янги иш ўрнини яратди. Давлат хизматлари марказига бормай ўзи ва ишчиларининг ҳужжат ишларини маҳалладаги филиалда ҳал этилиши унга куч ва ғайрат бағишлади. Келгусида яна 10 та янги иш ўрни яратаман, дейди тадбиркор.
Янги очилган филиал куннинг иккинчи ярмидаёқ 15 нафар фуқаронинг узоғини яқин бўлишига кўмаклашди. Эндиликда ҳафтанинг уч кунида Балиқкўл ва унга ёндош маҳаллалардаги аҳоли давлат хизматларидан ўзларига яқин бўлган ҳудудда очилган филиалдан фойдаланишлари мумкин.