Юртимизда тадбиркорлик соҳаси аввалги йиллар билан таққослаганда сезиларли даражада ривожланди. Бу, ўз навбатида, янгидан-янги корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш орқали бўш иш ўринларни яратилишига туртки бўлмоқда. Ишбилармонлар сонининг ортишида давлат хизматлари агентлигининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Жамиятдаги қай бир соҳага юксак эътибор қаратилар экан, ана шу фаолият ривожланиб, тараққий этиб бораверади. Шу жиҳатдан бугун мамлакатимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ўзининг ижобий самарасини беряпти.

Чортоқ туманида ҳам ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ишбилармонлар кўплаб топилади. Чортоқлик Муяссар Абдураҳмонова тадбиркорлик билан шуғулланаётганига мана 10 йил бўлди. У дастлаб якка тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб иш бошлаган бўлса, ҳозирги шароитлардан руҳланиб, ўзининг фаолиятини янада ривожлантириб, доимий 15 та, мавсумий 40 та иш ўрини яратди.

Чортоқ туман давлат хизматлари маркази орқали ортда қолган 7 ой давомида жами 27316 та хизмат кўрсатилган бўлиб, шундан 698 та тадбиркорлик субъектларига тўғри келади.

Жорий йилнинг январь-июль ойида жами 338 та юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилиб, шундан, 231 та масъулияти чекланган жамияти, 53 та фермер хўжалиги, 37 та оилавий корхона, 9 та хусусий корхона, 3 та ишлаб чиқариш кооперативи, 2 та нодавлат таълим муассасаси, 1 та давлат мактабгача таълим муассасаси, 1 та унитар корхона ва 1 та деҳқон хўжалигини ташкил этади.

Шу билан бирга жами ташкил этилган иш ўринлари 1200 тадан ортди. Туман марказидан 30 километр узоқликда жойлашган Балиқликўл маҳалла фуқаролар йиғини биносида очилган Давлат хизматлари марказининг филиалида ҳам аҳолига 140 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда. Ҳозирга қадар, филиал томонидан фуқароларга 818 та хизмат кўрсатилган бўлса, уларнинг 18 таси тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Балиқликўл маҳалласида жойлашган “Султон Увайс Қараний” зиёратгоҳи маҳаллий ва хорижий меҳмонларни севимли масканига айланиб улгурди. Ҳозирда қуйидаги масканга вилоятимиз ва қўшни вилоятлардан фуқаролар зиёратга келишини ҳисобга оладиган бўлсак, мазкур ҳудудда ҳам замонавий уй меҳмонхоналарига эҳтиёж сезилади. Буни ўз вақтида англаган маҳалла аҳли ўз хонадонидан барча қулайликларни яратиб, уй меҳмонхонасини ташкил этиб аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Шундай ташаббускорлардан бири “Балиқликўл” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Усмонхўжа Бувахоновдир. У яшаш хонадонидан уй меҳмонхонасини очиб 3 нафар оила аъзосининг бандлигини таъминлади.

Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатиш орқали юртимизда тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсад қилинган. Келгусида хизматлар сифатини янада ошириш ва аҳолига қулайликлар яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг узоғи яқин бўлишига хизмат қилади.

Дилфуза ЭРГАШЕВА