Айни пайтда юртимизда аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига талаби ва эҳтиёжи кун сайин ошиб бормоқда, унинг таъминоти масаласини ҳал этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг соҳани қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибори туфайли чорвачиликнинг барча тармоғида ижобий самара ва натижалар кузатилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг ўтган йили 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида чорвачилик соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратиб берилди.

Хусусан, чорвачилик хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2000 сўм, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўм ҳамда тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм, шунингдек, парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1000 сўм ва интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосос, форель ва осётр)нинг ҳар бир килограмми учун 3000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1000 сўм миқдорида субсидиялар ажратилиши жорий қилинди.

Натижада чорвачилик билан шуғулланувчи хўжаликлар сони ортиши ҳамда чорвачилик комплекслари томонидан тирик вазнда 282,9 минг тонна гўшт ва 696,3 минг тонна сут маҳсулотлари етиштирилишига эришилди.

Президентимизнинг шу йил 8 февралдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада бошланган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида мамлакатимизда чорвачилик тармоқларини янада ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли чора-тадбирларни белгилаб берди.

Буни, айниқса, соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари кайфиятида сезиш мушкул эмас. Чунки мамлакатимиз чорвачилигида ислоҳотларнинг янги даври бошланмоқда. Бу чорвадорларга янгича ғайрат, куч-қувват бахш этади.

Хўш, чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектларни молиявий қўллаб-қувватлаш, чорва озуқа базасини кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг ўз хонадонида чорва моллари боқишини ташкил этиш ва чорва озуқа базасига бўлган талабни қондириш борасида қандай қулайликлар, имтиёзлар, молиявий кўмак ва имкониятлар яратилмоқда?

Энди пахта ва ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан 206 минг гектар суғориладиган ерда алмашлаб экиш орқали беда ва чорва озуқа экинлари етиштирилади. Бу билан йилига қўшимча 2 миллион тонна озуқа бирлигини жамғариш имконияти яратилади. Пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари томонидан 500–1000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекслари ташкил этилади.

Бунинг натижасида 751916 бош қорамол парваришланиб, шундан 250115 боши сутчилик,  501801 боши гўштчилик йўналишида боқилади ҳамда 2212 минг тонна сут ва 401 минг тонна гўшт етиштиришга эришилади. Шунингдек, 2022-2023 йилларда ҳар бир тумандаги гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи камида биттадан корхона томонидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб берилади. Етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда сотиш ишлари йўлга қўйилади.

Бу жараёнда ўзлаштириладиган ва бўш турган ер майдонлари ҳисобидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб бериш ва етиштирилган чорва маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйган гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарга аҳолига чорва озуқасини етказиб бериш шарти билан чорва боши сонига мутаносиб равишда озуқа ерлари очиқ электрон танлов асосида ижарага берилади.

Қарорга кўра, кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга чорвачилик бўйича, жумладан, чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитларнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ҳамда кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади.

Дейлик, фермер хўжаликлари томонидан 22 фоизли кредит олинса, шунинг 8 фоизи компенсация ҳисобига қопланади. Иккинчидан, кредит маблағларини олиш учун етмайдиган гаров таъминотининг 50 фоизига кафиллик тақдим этилади. Чорвачилик йўналишида жалб қилинадиган халқаро молия институтларининг кредит маблағлари 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади. Тижорат банкларига чорвачилик соҳасидаги лойиҳалар учун мазкур қарор қабул қилингунга қадар ажратилган кредитларни қайтариш муддатини тадбиркорларнинг аризасига кўра, ўн йилгача узайтириш тавсия этилмоқда.

Шунингдек, жорий йил 1 январдан 2023 йил 31 декабрга қадар қўшимча қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидия миқдори  2000 сўмдан 4000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади. Бу маблағ бир килограмм гўшт ва бир литр сут маҳсулоти етиштириш учун сарфланадиган харажатнинг муайян қисмини қоплайди. Бунинг натижасида фермер хўжаликларининг қўшимча даромади ошиб, фаолиятини янада кенгайтириш, озуқа базасини муст аҳкамлаш, техника харид қилиш имконияти юзага келади.

Чорвачилик хўжаликлари томонидан кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоизидан ортиқ қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Фермер хўжалиги томонидан харид қилинган техника учун кредит ёки лизинг йиллик 22 фоиздан олинса, 12 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади ва бу фоиз кўрсаткичи фермер хўжалиги учун 10 фоизни ташкил этади.

Озуқа экин майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига ҳар бир гектар учун 8 миллион сўм миқдорида давлат бюджетидан субсидия ажратилади. Бунда бир гектар ерга ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш қиймати 2500 АҚШ доллари бўлса, 8 миллион сўм субсидия берилиши ҳисобига ўрнатиш нархи 1700 АҚШ долларига тушади. Ушбу технологияларни жорий этиш натижасида озуқа экини ерларидан олинадиган биргина маккажўхорининг ҳосилдорлиги гектарига 35 центнердан 60 центнерга етказилади.

Гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда мазкур ускуна қийматининг 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қопланади.

Гидропоника усулида озиқлантирганда майда шохли молларнинг тирик вазни 18-20 фоиз ҳамда сут маҳсулдорлиги 15-20 фоиз ошади. Бу орқали экин ер камлиги, сув тақчиллиги шароитида гидропоника усулида чорва озуқаси етиштириш соҳага ва чорва моли боқувчиларга катта манфаат келтиради.

Хориждан олиб келинадиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган, озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлашга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида 2025 йил 1 мартга қадар божхона тўловларидан ва утилизация йиғимидан озод қилинмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшимча қиймат солиғини 180 кунгача бўлган муддатга  кечиктириб тўлашга рухсат берилмоқда.

Бу имтиёз фермер хўжаликларининг кўплаб замонавий техника олиб кириши ва озуқа экинларини вақтида йиғиб олиши натижасида фаолияти самарадорлиги ошишига хизмат қилади.