Туманимизда ҳозирги кунда қорамолчиликда 22 та чорвачилик фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, шундан 6 таси наслчилик йўналишида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу фермер хўжаликларида ҳудудимизга мослаштирилган “Голштинфриз”, “Симментал”, “Швец”, “Қора-ола” зотига мансуб қорамоллар парваришланмоқда. Чорвачиликда наслчилик ишлари билан шуғулланувчи 6 та наслчилик фермер хўжаликлари раҳбарларига Инспекциянинг туман бўлими томонидан “Наслчилик тўғрисида”ги Қонун талабларини бажариш юзасидан кўрсатма хатлари берилди. 

Президент қарорида чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 млн. сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.        

Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги Қонунида наслчилик хўжаликларига белгиланган талабларлардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан наслчилик субъектлари учун 2021 йилнинг 1 январдан 2024 йилнинг 1 январига қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилиши белгиланди.

 2021 йил 1 июлдан бошлаб эса қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган: чорвачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм; Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан: республикадаги наслчилик хўжаликларида етиштириб сотилган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм; хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорда субсидия ажратилиши белгиланган.

Қўйчилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳаларида давлат томонидан субсидияларнинг ажратилиши ҳам ушбу тармоқларни жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, қолаверса, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорвачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга замин яратади.

Фахриддин САЙФИДДИНОВ,     

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси

Тўрақўрғон туман бўлими катта инспектори