Давлат активларини бошқариш агентлиги Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига асосан Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш масканининг яхлит мулкий мажмуа сифатида оммавий савдо жараёнлари бошлангани ва шу сабабли дам олиш масканини 8 та алоҳида лотлари бўйича савдо жараёнлари тўхтатилганини эълон қилади. Бу ҳақида агентлик ўз расмий сайтида хабар қилди.
Давлат активларини сотиш икки босқичда ўтказилади. Бунда:
биринчи босқичда талабгорлар олдиндан малакаланади (сараланади), жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пули келиб тушганлиги, давлат активларидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги кўриб чиқилади;
иккинчи босқичда – талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.
Давлат тендер комиссияси томонидан савдонинг биринчи босқич якунлари бўйича қарори қабул қилинган кундан бошлаб, 3 иш куни мобайнида жараённинг биринчи босқичи натижалари бўйича иккинчи босқичга ўтган талабгорлар тўғрисида Давактив агентлиги томонидан ўзининг расмий веб сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали эълон берилади ҳамда биринчи босқичда иштирок этган барча талабгорларга расмий хабарнома юборилади.
Савдонинг иккинчи босқичига ўтган талабгорлар тўғрисида Давактив агентлиги томонидан ўзининг расмий веб сайтида эълон чоп этилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида савдонинг иккинчи босқичида қатнашиш учун ариза намунаси тўлдирилиб, “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали таклифлар тақдим этилади.
Давлат тендер комиссияси ёки ишчи орган ўз хоҳишига кўра ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаган ҳолда, ҳар қандай вақтда савдони тўхтатиши ҳамда савдо жараёнида талабгорлардан қўшимча ва/ёки аниқлаштирувчи маълумотлар сўраши мумкин.
Савдо жараёни бўйича таклиф ва эътирозлар юзага келганда, Давактив агентлигининг (+99871) 259-21-37 ёки қисқа 1082 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.