Деҳқончилик, чорвачилик азалдан халқимиз учун оилавий меҳнат тури, оғир машаққатлар ортидан келадиган даромад манбаи бўлган. Ҳосилдорлик деҳқоннинг ўз ҳаракати, билими, уруғни ерга қадашдан тортиб, маҳсулотни сотишгача бўлган жараёнларни қанчалик уддалашига боғлиқ бўлган. Замона зайлини қарангки, бугун юртимизда деҳқончилик, чорвачилик қиламан, деган оилага барча агротадбирлар мутасаддилар, қолаверса, маҳаллаларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖлар кўмагида амалга ошириляпти. Керак бўлса, уларга деҳқончилик, чорвачилик илми ўргатиляпти.

Президентимиз раислигида жорий йил 16 февраль куни чорвачилик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шу ишларни янада кенгайтириш ҳақида сўз борди. Хонадонларда кооперация орқали чорвани кўпайтиришда намунали ҳудудлар, хусусан, Наманган вилояти Чуст тажрибасини оммалаштириш таъкидланди. Туманда аҳолига 2-3 тадан наслли қорамол тарқатиш, ветеринария хизматларини бепул кўрсатиш, гидропоника усулида озуқа етиштиришни йўлга қўйишда биз томорка хизмати корхоналари намуна сифатида кўрсатилиб, фаолиятимизга катта ишонч билдирилди.

Ҳақиқатан, 2018 йилда синов тариқасида илк бор ташкил этилган “Томорқа хизмати” корхоналарига йил сайин талаб ортиб боряпти. Жойларда аҳоли томорқа ерларини шудгорлаш, зарур уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хонадонларга ихчам иссиқхона қуриб бериш, эчки, қуй, парранда, асалари уялари, қуён етказиб бериш каби хизматларни “Томорқа хизмати” корхоналари орқали ташкил этиш йўлга қўйилди. Энди маҳсулот етиштирган ёки парранда, чорва молларидан ҳар куни озиқ-овқат маҳсулоти тайёрлайдиган оилалар харидор излаб овора бўлмайди, “Томорқа хизмати” МЧЖнинг ўзи сотиб олади.

Бизнинг “Чуст Томорка хизмати” МЧЖ корхонамиз ҳам 2018 йилдан буён туманнинг барча маҳаллаларидаги оилаларга хизмат кўрсатиб келяпти. Илк даврларда хонадонларга агротехник хизматлар кўрсатиш, кўчат етиштириб, томорқаларга тарқатишни йўлга қўйилган бўлса, кейинчалик фаолият йўналишларимиз кенгайиб борди. 2019 йилдан бошлаб аҳолига шартнома асосида наслдор чорва моллари етказиб беряпмиз. Бугунга қадар корхонамиз томонидан “Бир махаллла — бир махсулот” тамойили асосида 92 та ахоли хонадонига 1 сотихли иссиқхона қуриб берилиб, 3 мингдан ортик хонадонларга 650 бош корамол, 1140 бош қўй, 450 минг дона кўчатлар, 45 минг дона қувватли инкубаторда 30 мингдан ортик уй товуқлари тарқатилди.

Айни пайтда чорвачилик ва паррандачиликка катта эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас. Боиси, бу йўналиш оилалар фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Қадим замонларда хонадонида битта бўлса ҳам сигири бор оила бой ҳисобланган. Хонадон аъзолари ҳар куни сут маҳсулотлари истеъмол қилган. Ҳозир ҳам маҳаллабай ишлаш тизими асосида ана шу тажрибани оммалаштиришни мақсад қилганмиз. Парранда, чорва моллари оилалар дастурхонини сут, тухум, гўшт каби кундалик истеъмол маҳсулотлари билан тўлдириш баробарида, мазкур йўналиш одамларни иш билан таъминлайди, хонадонлар бюджетига қўшимча даромад олиб киради.

Шу боис, Чуст тумани аҳолисининг чорвачиликка қизиқиши ортиб боряпти. Қорамолларни одамлар талабидан келиб чиқиб, шартнома асосида 2-3 тадан етказиб беряпмиз. Наслдор чорва молларни асосан Қозоғистон ва Қирғиз республикаларидан олиб келамиз. 20 кун давомида карантинда сакланиб, уларга зарур ветеринария хизмати курсатилади. Сўнг талабгор хонадонларга тарқатилади.

Битта зотдор мол ўртача 15—20 литр сут беради. Хонадон эгалари ихтиёрига қараб, сутни ҳам ўзимиз сотиб оламиз. Корхонамизда Хитойдан келтирилган сутни кайта ишлаш дастгоҳи мавжуд. Уларда сут қайта ишланиб, олинган тайёр сут, каймок, сметана, творог, қатиқ махсулотлари мактабгача таълим муассасалари ҳамда ички бозорга етказиб берилади.

Чорва хайвонлари учун озуқа базаси яратиш бўйича ҳам ишларни ташкил этганмиз. Туманимизда бу масалада етишмовчиликлар борлиги ҳамда аҳоли хонадонларида чорва кўпайиб, ем-ҳашакка эҳтиёж ортиб бораётгани сабаб, “Гидропоника” технологияси асосида озуқа етиштириш йўлга қўйилди. Бу сўнгги йилларда оммалашётган инновацион усул бўлиб, 1 килограмм буғдой махсулотидан 7-8 килограммгача озука олишга эришилади. Бу тежамкор усул озука махсулотлари нархининг пасайишига ҳам хизмат қилмоқда. Қолаверса, тажрибада сут махсулотларининг ёғлилик даражаси 2,7—3,6 фоизга ошишига эришилди. Шу боис, мазкур технологияни ахоли хонадонларида ҳам боскичма-боскич ўрнатиш ишларини олиб боряпмиз. Бундан ташқари, чорва молларининг ҳолати, саломатлиги ҳам доимий назоратимизда. Зарур ҳолларда, уларга бепул ветеринария хизмати курсатилади.

Яқиндан паррандачиликни ҳам фаол бошладик. Авваллари корхонада инкубатор бўлмагани боис, хонадонларга кўп ҳам парранда тарқатилмаган. Хитой давлатидан 45 минг кувватли инкубатор олиб келингач, 2021 йил куз фаслида ахолига 30 мингта махаллий товуклар етказиб берилди.

Бир сўз билан айтганда, юртдошларимизнинг ишли бўлиши, хонадонларга даромад кириши йўлида доимий изланишдамиз. Юртбошимиз туманимиздаги тажрибани алоҳида таъкидлаганларидан қувондик. Албатта, бошқа ҳудудлардаги томорқа хизмати корхоналари билан ишларимизни ўртоқлашиш, Чуст тажрибасини тарғиб қилишга тайёрмиз.

Муроджон СИДДИКОВ,

“Чуст Томорка хизмати” МЧЖ раҳбари