Марказнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари, “Ўзбек тилининг дўстлари” клуби аъзолари, амалий сафар билан Россияда бўлиб турган Андижон давлат педагогика институти раҳбарияти ҳамда Чувашия давлат педагогика университети мутасаддилари иштирок этди.
Чувашия давлат педагогика университети ректори Игор Кожанов марказнинг очилиш қисмидаги нутқида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатларни юқори баҳолади. У университетда Андижон давлат педагогика институти билан ҳамкорликда очилган Ўзбек маданияти маркази тарихий воқеа эканлигини қайд этди.
Тадбирда Чувашия давлат педагогика университети ва Андижон давлат педагогика институти ўртасида ҳамкорлик битими имзолангани ва ушбу келишув асосида ўзаро илмий-амалий ҳамкорлик ўсиб бораётгани таъкидланди, деб хабар беради “Дунё” АА.