Хўш, CIR (cost to income ratio) қандай ҳисобланади? Бунинг учун ҳисобот давридаги банк операцион харажатларининг банк операцион даромадларига нисбати инобатга олинади.

Операцион харажатлар деганда, албатта, банкнинг иш ҳақи, ижара ва таъминот, хизмат сафари ва транспорт, маъмурий, репрезентация ва хайрия, эскириш, суғурта, солиқ ва шу кабиларга йўналтирилган сарфини тушунамиз.

Операцион даромад – банкнинг соф фоизли даромадлари ва соф фоизсиз даромадлари йиғиндисидан иборат.

Ўз навбатида, соф фоизли даромад фоизли даромаддан фоизли харажатлар айирмасини ҳамда соф фоизсиз даромад эса фоизсиз даромаддан фоизсиз харажатлар айирмасини ташкил этади.

Мазкур ҳисоблаш методологиясидан айни пайтда Европа Марказий банки, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар фойдаланади.

Худди шундай, бизда ҳам тижорат банклари томонидан ҳар ой якуни бўйича баланс маълумотлари бўйича ҳисобот тайёрланиб, Марказий банкка тақдим этиб борилади. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Халқ банки операцион самарадорлик кўрсаткичи (CIR) 49,3 фоизни ташкил этди.

Бу кўпми ё кам? Савол жавобини қуйидаги маълумотлардан топасиз: банк амалиёти учун мақбул бўлган CIR кўрсаткичининг тавсиявий меъёри 50 фоизгача!

Банк Ахборот хизмати