Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи – Вашингтонда) Жавлон Ваҳобов «Condor Petroleum Inc.» нефть ва газ компанияси (Канада) директори ва кенгаши раиси Деннис Балдерстон ҳамда компания президенти Дон Стреум билан онлайн-музокара ўтказди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад хорижий инвесторларни Ўзбекистонда геологик қидирувни кенгайтириш ва табиий газ қазиб олишни кўпайтириш бўйича истиқболли лойиҳаларга жалб қилишдан иборат бўлди.
«Condor Petroleum» Ўзбекистон иқтисодиётига ўз капитал қўйилмалари ва ишлаб чиқариш операциялари харажатлари ҳисобидан 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритишга, шунингдек, ушбу соҳага замонавий техника ва технологияларни жорий этишга тайёрлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, компания Ўзбекистонда турли хил мутахассисликлар бўйича маҳаллий кадрлар тайёрлаш учун Канада касб-ҳунар мактабларини яратиш, шунингдек, ижтимоий лойиҳаларга маблағлар йўналтиришни режалаштирган.
Компания президенти Дон Стреум «Condor Petroleum» камида бешта мавжуд газ конларида фаолият олиб боришга тайёрлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, компания мутахассислари Бухоро вилояти Газли шаҳарчасидаги бешта ишлаб чиқариш майдонларини ўрганиб чиққан. Ушбу лойиҳа 2021-2024 йилларда амалга оширилади.
Музокаралар давомида «Condor Petroleum» компанияси Ўзбекистонда инновацион ечимлар ва замонавий илғор технологиялар жорий этиш ҳисобидан табиий газ қазиб олиш ва унинг захираларини сезиларли даражада оширишга ҳисса қўшиши таъкидланди.
«Condor Petroleum» раҳбарлари мавжуд конлардан газни қазиб олишни икки баравар кўпайтириш турли харажатларни камайтиришга, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш, транспорт воситалари ва оғир ускуналарни ишлатишда суюлтирилган табиий газдан кенг фойдаланиш ва дизель ёқилғисига боғлиқликдан холи бўлишга хизмат қилади.
«Condor Petroleum» 1994 йил ташкил этилган бўлиб, у Марказий Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка, Индонезия, Ливия, Ангола, Туркияда фаолият олиб боради. Компания Марказий Осиё минтақасида энг йирик ва техник жиҳатдан илғор сейсмик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш 3D дастурига эга. Мазкур мукаммал дастур қидирув ишлари олиб бориш учун умумий салоҳияти 1,5 миллиард баррелдан ортиқ бўлган 79 та истиқболли нефть қазиб олиш объектини аниқлашга имкон берди, деб хабар беради «Дунё» АА.