Матбуот анжуманини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Марказий банк вакиллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Анжуманга «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков олиб борди.
У сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида салмоқли ютуқларга эришилгани, бироқ ҳаётнинг ўзи янги талаб ва чақириқларни кун тартибига қўяётганини таъкидлади. Шу боис «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини мавжуд реал шароит, жамият эҳтиёжлари ва глобал тенденцияларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш зарурлигини қайд этди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири маслаҳатчиси Абдулла Ҳошимов янгиланаётган стратегия лойиҳасида вазирликка тегишли мақсадли кўрсаткичлар бўйича маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида:
· асосий капиталга киритиладиган инвестициялар ҳажмини йиллик ўртача 5–7 фоизга ошириш;
· хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини ҳар йили камида 7 фоизга кўпайтириш;
· умумий қиймати 150 миллиард доллар бўлган 400 тадан ортиқ стратегик технологик ва инфратузилмавий лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
— 2030 йилга бориб Ўзбекистон жаҳон бозорида тайёр маҳсулот етказиб берувчи етакчи давлатлардан бирига айланиши керак. Шу мақсадда экспорт ҳажмини 67 ммллмард долларга етказишни режалаштиряпмиз. 2026 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 40 миллиард доллар бўлиши керак, — деди А.Ҳошимов.
Шунингдек, экспортда:
· халқаро стандартлар жорий этилган корхоналар сони 5 мингтага етказилади;
· тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоизгача оширилади;
· GSP+ тизими доирасида Европа давлатларига экспорт кенгайтирилади;
· миллий брендларни ташқи бозорга олиб чиқувчи 200 та экспортчи ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.
Маълум бўлишича, бугунга қадар «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан 27 та корхона бренд ва савдо белгисига эга бўлган, 257 та корхона халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиши учун 19,3 миллард сўм молиявий ёрдам олган.
Янги стратегияда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баравар, мебель саноатида эса ишлаб чиқариш қувватларини 3 баравар ошириш вазифалари илк бор киритиляпти.
Ҳозирда мамлакатда:
· 9 800 дан ортиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона,
· 5 700 дан зиёд мебель ва саноат корхоналари фаолият юритмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Иброҳим Қосимхўжаев стратегия лойиҳасида 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 бараварга ошириш ҳамда Ўзбекистонни даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киритиш мақсади белгиланганини маълум қилди.
Стратегия доирасида:
· ЯИМ ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш;
· аҳоли жон бошига даромадни 5 минг доллардан ошириш;
· давлат қарзининг ЯИМга нисбатини 50 фоиздан оширмаслик режалаштирилган.
Марказий банк департамент директори Равшанбек Қодиров банк ва молия тизимида рақобатни кучайтириш ва хизматлар бозорини кенгайтириш бўйича режаларни тақдим этди.
Унинг айтишича, 2030 йилга қадар:
· йиллик инфляция 5–6 фоиз даражасида барқарорлаштирилади;
· кредитлаш ҳажми 720 трлн сўмга етказилади;
· депозитлар қолдиғи 560 трлн сўм бўлади;
· давлат банклари активлари улуши 55 фоизгача қисқартирилади.
Матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотлар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси янги таҳрирда мамлакат иқтисодиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилганини кўрсатди. Экспорт ҳажмини ошириш, йирик хорижий инвестицияларни жалб этиш, саноат қувватларини кенгайтириш ва банк тизимида барқарорликни таъминлаш орқали Ўзбекистонни рақобатбардош, очиқ ва инвестициявий жозибадор давлатга айлантириш мақсад қилинмоқда.
Матбуот анжумани қизғин савол-жавоб тарзида бўлиб ўтди. Шунингдек, ОАВ вакиллари томонидан билдирилган таклифлар стратегия лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши мутухассислар томонидан таъкидланди.
Зулхумор Акбарова