Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, 2 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Бурчмулла» МФЙ ҳудудида жойлашган Чорвоқ сув омборида ота ва унинг икки ўғли катерда сайр қилган.
Улар сувга тушиш тақиқланган ҳудудга бориб, ҳимоя нимчаларисиз сувга тушган ва чўкиб кетган.
Хабар келиб тушиши билан ФВВ ғаввос-қутқарувчилари ҳодиса жойига етиб бориб, қидирув ишларини бошлаган. Қидирув кўлами ва сув омборининг чуқурлиги инобатга олиниб, ҳодиса жойида штаб ташкил этилган.
Қидирув ишларига Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг қўшимча кучлари ҳам жалб қилинган. Мутахассислар зарур техника ва замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланмоқда.
Қидирув ишлари натижасида бугун, соат 13:02 да чўкиб кетган фуқаролардан бирининг жасади топилган.
Қолган икки фуқарони қидириш ишлари давом эттирилмоқда.