Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, халқаро экспертлар, тегишли ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда «Cotton Campaign» Ўзбекистон пахтасига эълон қилинган бойкотни бекор қилди.

Бу эълон «Cotton Campaign»нинг етакчи ҳамкори бўлган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми» томонидан 2021 йилда пахта теримида ўтказилган мустақил мониторинг натижаларига асосан қабул қилинди. 

Ҳисоботда ҳукумат томонидан ташкил қилинадиган мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани эълон қилинган.

Бу тарихий ютуқ Ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро брендларнинг биргаликдаги кўп йиллик фаолияти ҳамда Ўзбекистон Ҳукуматининг мажбурий меҳнатга барҳам беришга қаратилган қатъияти натижасида эришилди. 

«Cotton Campaign» - инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, масъул инвесторлар ва бизнес ташкилотларининг глобал коалицияси бўлиб, ислоҳотларнинг ўзбек ишчилари, фермерлари ва фуқаролик жамиятига фойда келтиришини давом эттириш мақсадида масъулиятли етказиб берувчилар билан ҳамкорликка ундайди.