Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

— Ўзбекистон ва «Cotton campaign» халқаро коалицияси ўртасида сўнгги йилларда икки томонлама ўзаро ишончли ҳамкорлик асосидаги алоқаларимиз изчил ривожланиб бормоқда, — деди Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева.

Таъкидланганидек, сўнги йилларда мамлакатимизда Президентимизнинг кучли сиёсий иродаси туфайли барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш устувор вазифага айланди.

Шу қатори мамлакатимизда миллий қонунчиликни такомиллаштириш, уларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, унга бозор тамойилларини кенг татбиқ этиш, соҳани механизациялаштириш, меҳнат учун муносиб ҳақ тўлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишнинг асосий омили бўлди.

Шунингдек, ушбу соҳадаги институционал ўзгаришлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда тегишли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликнинг йўлга қўйилганлиги алоҳида қайд этилди.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан тегишли вазирлик ва идораларнинг ушбу соҳадаги фаолияти самарали мувофиқлаштирилиб борилмоқда ҳамда бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги ҳамда «Cotton campaign» халқаро коалициясининг таклиф ва тавсиялари асосида ҳам қатор чоралар амалга оширилди.

Мулоқот давомида мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари ҳам кучайтирилганлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ислоҳ қилинганлиги, шунингдек, пахта ишлаб чиқаришни, унинг нархи шакллантирилишини ва мажбурий сотилишини давлат томонидан тартибга солишдан воз кечилгани таъкидланди.

Б.Фриман Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан мажбурий меҳнатга қарши курашишда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар амалий ва тизимли эканлиги, унинг натижалари нафақат мамлакат ичида, балки кенг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини қайд этди.

— Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида мутлақо янги муҳит шаклланди, — деди «Cotton campaign» халқаро коалицияси раҳбари Б.Фриман. — Пахта-йиғим терими мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланмаётгани ва унга тўлиқ барҳам берилгани нафақат бизнинг коалициямиз, балки фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Тадбир давомида икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.