ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, пандемия кўп жиҳатдан ҳали ҳам давом этяпти, чунки унга қарши курашиш воситаларидан фойдаланишда тенгсизлик мавжуд. Ва бу эҳтиёжлар учун ташкилотга 23 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак бўлади.
“Биз COVID-19га қарши курашиш мақсадида янги режаларни ўз ичига олган бюджет ҳақида маълум қилмоқчимиз, унга кўра глобал мақсадларга эришиш ва келгуси 12 ой ичида мамлакатларга зарур маблағларни тақдим этиш учун 23,4 миллиард доллар керак бўлади. Ушбу ташаббусни тўлиқ молиялаштириш ЖССТ стратегияси, тайёргарлик режаси ва жавоб чораларининг муҳим таркибий қисмидир, бу бизнинг пандемияни назорат остига олиш бўйича кенг қамровли режамиздир”, деди Гебрейесус.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, ўз навбатида, Европа Иттифоқи эмлашнинг муҳимлигига урғу бериши ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришини, шу билан бирга ривожланаётган мамлакатлар билан вакциналарни алмашишни ҳам унутмаслигини айтди.
“Келгуси йилда Европа Иттифоқида 3,5 миллиард дозадан ортиқ вакцина ишлаб чиқарилиши кутилмоқда ва уларнинг аксарияти чет элга юборилади. Экспортдан ташқари, биз, Европа Комиссияси ва унга аъзо давлатлар, келгуси йилнинг ўрталарига қадар 500 миллион дозадан ортиқ вакцинани хайрия қиламиз. Мен аъзо давлатлар бундан ҳам кўпроқ мажбуриятларни олишларини кутаман”, деди у.
Шунга қарамай, Европа бўйлаб меёрий ҳаётга қайтишнинг ягона йўли бўлган эмлаш ва санитария рухсатномаларига қарши норозиликлар тўхтовсиз давом этмоқда.