Фармон билан қуйидаги тартиблар ўрнатилмоқда:

.Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Концепция бўйича 2021–2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан «йўл харитаси» тасдиқланди. Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 15 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда. Институтга ҳар йили камида 15 та илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, 6 та давлат суд-экспертиза муассасалари фаолиятида илмий-услубий кўмак кўрсатиш ҳамда уларда мавжуд 700 дан ортиқ услубий қўлланмаларни танқидий кўриб чиқиш ва амалиётни уйғунлаштириш вазифалари юклатилмоқда.

Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ суд экспертиза тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда. 2021 йил 1 сентябрдан иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш тизими жорий қилинмоқда.

Фармонга мувофиқ 2022 йил 1 мартдан аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотлар етказиш ва ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизими жорий этилади. Суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ бакалавр ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга ошириш имконияти яратилмоқда. 2021–2025 йилларда қўшимча 16 та суд-экспертиза турларини жорий этиш вазифаси юклатилмоқда (мисол учун, радиотехника, видеотехника, фототехника ва парфюмерия маҳсулотлари кимёвий таркибини аниқлаш экспертизалари). (Ҳозирда суд экспертиза турлари 55 тага етказилган).

Адлия вазирлигига нодавлат суд-экспертиза органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш борасида ваколатли орган сифатида қўшимча вазифалар юклатилмоқда. Адлия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилмоқда. Бунда жамғармани шакллантиришга бюджет маблағларини йўналтириш талаб этилмайди. Жамғарманинг маблағлари “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига субсидиялар ажратиш, янги экспертиза турларини жорий этиш, давлат суд-экспертиза муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйиш учун сарфланиши режалаштирилмоқда.