Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди. 

Қайд этилишича, 4 апрель, шанба куни Тошкент, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида, Фарғона водийсида, шунингдек, республика жанубидаги тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади, айрим жойларда у момақалдироқ билан кечади. Қолган ҳудудларда эса ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 20–25 даража илиқ бўлади.

Якшанба куни республика бўйича айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шунингдек, республика шимоли, жануби ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 13–18 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда.

Мутахассислар тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкинлигини, тоғларда эса қор кўчиши хавфи мавжудлигини билдирмоқда.

Тошкент шаҳрида шанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси 15–17 даража, кундузи 19–21 даража бўлади. Якшанба куни кечаси ва эрталаб ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, кундузи эса ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 13–15 даража, кундузи 22–24 даража бўлади.