Бугун республиканинг катта қисмида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

27 июнь куни ҳам ёғингарчилик асосан Тошкент вилояти ҳамда Фарғона водийсининг айрим жойларида кузатилади.

28 июнь куни эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида об-ҳаво беқарорлашиб, айрим жойларда ёмғир ёғади, баъзи ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Республиканинг бошқа ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

Шамол тезлиги секундига 7–12 метрни ташкил этади, айрим жойларда 13–18 метр/секундгача, шимолий ва чўл ҳудудларда эса 20–22 метр/секундгача кучайиши, чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати асосан 32–37 даража атрофида бўлади. Якшанба куни Қорақалпоғистоннинг шимолида ҳарорат 23–28 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ кузатилади. Шунингдек, ушбу ҳудудларда сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.

Тошкент шаҳрида бугун ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво 37–39 даражагача исийди. Шанба куни қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин, ҳарорат 38–40 даража бўлади. Якшанба куни эса ёғингарчилик кутилмайди, кундузги ҳарорат 39–41 даража атрофида бўлади. Кечаси ҳаво 23–26 даража бўлиб, шамол шарқдан эсади, айрим ҳудудларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.