Дам олишга бўлган ҳуқуқнинг энг муҳим кафолатларидан бири дам олиш вақти турларининг қонун ҳужжатлари асосида мустаҳкамлаб берилганлиги ҳамда уларнинг энг кам муддати аниқлаб қўйилганлигидир.

Дам олиш вақти  — ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан ҳоли бўлган ва бундан у ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир. Дам олиш вақтини ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан озод этиб қўйиладиган бошқа вақтлардан фарқловчи белги унинг ишдан холи бўлган вақтдан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкинлигидир.

Ходимга иш куни (смена) давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус берилиши керак, бу танаффус иш вақтига киритилмайди. Танаффус бериш вақти ва унинг аниқ муддати ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади.

Ишлаб чиқариш шароитига кўра дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш мумкин бўлмаган ишларда иш берувчи ходимга иш вақтида овқатланиб олиш имкониятини таъминлаши шарт бўлади. Бундай ишларнинг рўйхати, овқатланиш тартиби ва жойи ички меҳнат тартиби қоидаларида белгилаб қўйилади.

Ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас. Барча ходимларга дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш) берилади. Беш кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада икки дам олиш куни, олти кунлик иш ҳафтасида эса, бир дам олиш куни берилади.

Ходимларни дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади. Айрим ходимлар дам олиш кунлари ишга жалб этилса, иш берувчининг фармойиши бўйича  касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича  амалга оширилади.

Меҳнат таътили – вақтнинг шундай муайян бир даврики, унинг муддати қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганидек 15 кундан кам бўлмайди ва ҳар бир ходимга узлуксиз дам олиш ҳамда меҳнат қобилиятини тиклаш учун иш жойи, ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ҳар йили берилади.

Меҳнат қонунчилигига кўра таътилнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига тўғри келиб қолган байрам (ишланмайдиган) кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.

Ишланган вақтга мутаносиб равишда йиллик меҳнат таътил муддатини ҳисоблаб чиқариш меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам амалга оширилади. Меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.

Айни вақтда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар алоҳида ўрин эгаллаганлиги, бунда йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътиллари қонунчилигини такомиллаштириш масалалари муҳим аҳамият касб этади.

Меҳнат кодексининг 8-моддасига мувофиқ ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади, бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар томонидан амалга оширилади. Шу сабабли ўзининг дам олиш ҳуқуқи иш берувчи томонидан бузилган деб ҳисобловчи ходим бевосита судга мурожаат этишга ҳамда бузилган ҳуқуқлари тикланишини талаб қилиш­га, бундан ташқари иш берувчининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари унга зарар, шу жумладан маънавий зарар етказган ҳолларда етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб этишга ҳақлидир.

Мансабдор шахслар томонидан ходимларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқларининг бузилиши меҳнатга оид қонунчиликнинг бузилиши деб ҳисобланади ва бунда айбдор деб топилган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Ҳар қандай ҳолда ҳам иш берувчи ходимга дам олиш ва ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътилини бериши шарт. Бундай таътилнинг энг кам муддати у ёки бу тоифадаги ходимлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган ва кафолатлаб қўйилган.

Бобур Атемов,

Тошкент вилояти адлия бошқармаси

Инсон ресурслари бўлими бошлиғи