Бугунчи бугун дарахтларга муносабат қандай. Ҳовлиларимизни, боғларимизни ўшандай кўркам дарахтлар безаб турибдими? Жуда кам. Кўчаларимиз ва йўл бўйларимиздаги мажнунтоллару, толларнинг кўпи кесилиб кетди. Тан олиш керакки, одамларимиз дарахт экишдан кўра, кесишдан роҳат топаётгандек. Кўркам дарахтларни кесиб, ўрнига қурилиш қилаётган, савдо дўконлари қураётган, ҳатто виждонсизларча дарахтларни тагини цементлаб ташлаётган бемеҳр инсонлар ҳам орамизда йўқ эмас. Юртимизда дарахтларни кесилишини олдини олиш бўйича қабул қилинган мораторий ҳали ҳамон амалда бўлсада, афсуски, қонунларни менсимай дарахт кесишда давом этаётган, қонун бузар фуқаролар ҳам бор. Уларга боқиб, «эҳ инсон қачон инсофинг келади?» — деймиз, танбеҳ берсак, мен билан ишинг бўлмасин, тағин кераклик мутасаддиларга айтиб сотқин бўлиб юрманга деб масхара қилиб қўяди. Аслида сотқин, қонун бузар шулар эмасми. Албатта, ҳеч бир қонун бузар жавобгарликдан қочиб қутулолмайди.

Дарахтлар ҳақида ўйлаб, узоқ ўтмишларга ҳам назар соламиз. Буюк бобокалонларимиз ҳам дарахтларни ғоят асраб-авайлаган. Ушбу эзгу анъанани сақлаб қолиш, давом эттириш, дарахтзору-боғ роғларни кўпайтириш бугун ўзимизга боғлиқ, тарғибот, ташвиқот ишларимизда кўринади. Шу меҳнатлар ила битта дарахтни ҳам асраб қололсак бу катта ютуғимиз аслида. Шукурки, бугун ушбу эзгу ишнинг бошида Юртбошимизнинг ўзлари турибди. Дарахт экиш, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан умуммиллий ҳаракатга айланди. Юртимизда кенг миқёсда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича долзарб 40 кунлик ўтказилиб, дарахт экиш тадбирлари самарали олиб борилди.

Юртимизда ўтган йили ноябрь ойида бошланган яшил макон лойиҳасида 200 миллионта дарахт кўчати экиш режа қилинган эди. Куз мавсумининг долзарб 40 кунлигида 85 миллион дона дарахт кўчатлари экилди.

Яқинда Президентимиз раислигида «Чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш.ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселекторда эса бу борадаги ишларни кенгайтириб, яшил йиллик доирасида 125 миллион дона дарахт экиш вазифалари белгилаб берилди. Ўтказилган ушбу муҳим йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахти кўчатини экиш мақсад қилингани айтилди. «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланиши ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб уларни етиштириш учун кўчатхоналар кўпайтирилиши айни муддаодир.

Фарғона вилоятида ҳам кенг миқёсда ўтказилган «Яшил макон» тадбири лойиҳаси дарахт экишни яхши кўрадиган, меҳнатсевар, ҳалол, бобо деҳқонлар, азму шижоатли инсонлар ғайратига янада ғайрат қўшди. Бу каби эзгу ишлар «Яшил йиллик» тадбири доирасида ҳам яна кенг миқёсда давом этади. Ҳозирда бу борадаги тайёргарлик ишлари авжида. Ҳудудларда дарахт экиб, боғ яратиш ўзгача шукуҳ билан давом эттириляпти.

Фарғонанинг ҳақиқий миришкорлар юрти саналган Олтиариқ туманида ҳам боғдорчиликни кенгайтириш, ҳудуднинг иқлимига мос ва хос дарахт турларини экиш, ишларига катта аҳамият қаратиляпти. Ҳудудда яшил йиллик доирасида ҳам тажрибали боғбон ва деҳқонларнинг тавсия ва маслаҳатларига амал қилинган ҳолда дарахт турлари танланиб дарахт кўчатлари экиш олиб борилади. Айни вақтда Олтиариқда боғлар барпо этишга киришиб кетилди. Олтиариқ ҳудудида ўзлаштирилган гектар адирликда узумзор барпо этилиб, 4 000 та оиланинг фойдаланиши учун 25 сотихдан бўлиб берилиши режалаштирилган. Ҳозирда бу ерда белгиланган режа асосида 1 000 гектар майдонни ўзлаштириш ҳамда бетон устунлари ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Параллель равишда тик қудуқ бурғулаш ишлари олиб бориляпти. Дастлабки қудуқдан сув чиқарилди. Ўзлаштириладиган майдон эса 25 сотихдан 4 000 оилага 25 миллион сўмлик 7 йиллик имтиёзлик кредит асосида бўлиб берилади. Бунда ҳар бир деҳқон хўжалигига бетон, шпалер устунлар ўрнатилиб ток кўчатлари экилган ҳамда томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган ҳолда тақдим этилади.

Фарғона вилоятида турли ҳудудлар иқлимига мослаб бу каби токзорлар, тутзорлар, мевали ва манзарали дарахтзорларни кўпайтириш, кенгайтириш режалаштирилган. Асосийси бу каби улуғвор ва эзгу ишларга халқимиз, ёши улуғ нуронийлардан тортиб, ёш авлод вакиллари бирдек ҳисса қўшяпти.

Фотима Ўктамова,

Ўзбекистон Экологик партияси

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.